Москва шаҳридаги Катта Никита кўчасига якшанба куни юзлаб мусулмонлар санкциялаштирилмаган митинг учун йиғилди. Айни пайтда воқеа тафсилотларини ёритиб бораётган таниқли блоггер Илья Варламов шу ҳақда хабар берган.

Варламовнинг ёзишича, тўпланган мусулмонлар «Буддистлар - террористлар!» дея қичқириб, Мьянманинг Россиядаги элчихонаси томон ҳаракатланишган. Оломон ҳаракатини Россия Миллий гвардия аскарлари тўхтатиб қўйган, элчихона яқинига ҳеч ким қўйилмаяпти.

Шунингдек, Чеченистон пойтахти Грозний шаҳридаги «Чеченистон юраги» масжиди атрофида ҳам Мянмадаги мусулмонларни қўллаб-қувватлаш акцияси ташкил этилган. Мамлакат раҳбари Рамзан Қодиров 1 сентябрь куни ўзнинг Instagram'даги саҳифасида бутун дунё ҳамжамияти ва Мьянма ҳукуматини ҳаракатсизликда айблаган эди.

Эслатиб ўтамиз, Мьянмада ўтган кунларда мусулмонларнинг 2600га яқин уйига ўт қўйилган. Радикал буддист ва ҳарбийларга қарши чиққан мусулмонлар терроризмда айбланмоқда.