Бугун Қозоғистон пойтахти Остона шаҳридаги бир неча кўчалар шошилинч равишда беркитилган ҳақидаги хабарни илгарироқ РИА Новости агентлиги тарқатган эди. Бирин-кетин тафсилотлар ошкор этила бошланди.

Жумладан Оқмачит ва Туркистон кўчларидаги тўғридан-тўғри қатнов тўсилган, Алмати кўчасидаги қатновга ҳам полиция ходимлари қалқон билан халақит беришган.

Остонанинг маъмурий марказидаги қурилишлардан биридаги жанжал муштлашувга айланиб кетган ва унда 30 га яқин одам иштирок этган, деб хабар беради Қозоғистон ИИВ давлат тили ва ахборот департаменти директори Олмос Садубоев.

Олдинроқ Қозоғистон пойтахти ҳокими Facebook’даги ўз саҳифасида қурилаётган «Абу Даби плаза» объектида қўриқлаш ташкилотлари ходимлари ва хорижлик қурувчилар ўртасида маиший жанжал келиб чиққанини ёзган эди. Полициядагиларнинг хабар беришича, жанжал назорат-ўтказиш пунктида юз берган.

Шаҳар ҳокимининг қайд этишича, «музокаралар олиб борилган, жанжал ва муштлашувга нуқта қўйилган, оқибатларга қараб керакли чоралар кўрилади». «Жанжал келиб чиқмаслиги ва фитна юз бермаслиги учун ортиқча изоҳларлардан тийилиб туришни сўраймиз», — деган шаҳар ҳокими.

«Қўриқлаш хизмати ходими объект ихтиёрида маст ҳолатдаги ҳиндистонлик ишчини чиқармаслиги жанжалга сабаб бўлган. Ишчи ўз ватандошларини чақирган ва улар қўриқчини калтаклашган, оқибатда жанжал кўлами ортиб, унда 30 га яқин киши иштирок этган», — деб хабар берди Қозоғистон ИИВ давлат тили ва ахборот департаменти директори Олмос Садубоев.

Унинг сўзларига кўра, «воқеа жойига Ҳиндистон элчиси, маҳаллий ҳокимият ва компания вакиллари келишган». «Ички ишлар органлари томонидан келгусида тартибсизликлар ва муштлашувлар, шунингдек вазиятни издан чиқаришга қаратилган хатти-ҳаракатлар қайтарилмаслиги учун чора-тадбирлар мажмуаси ўтказилди», — деди ИИВ вакили.

У ҳам шаҳар аҳолисига фитнадан четда туришга, ўйланмаган хатти-ҳаракатларни амалга оширмаслик ва текширилмаган маълумотларни ҳамда турли миш-мишларни тарқатмасликка чақирди.

«Вазият тўлиқ ҳал қилинган ва полиция назорати остида», — деди Садубоев.