«Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси клуб билан шартномасини узайтиришни истамаяпти. Бу ҳақда испан матбуоти хабар тарқатмоқда.

Onda Cero радиостанцияси твиттерининг ёзишича, аргентиналик футболчи шартномаси ниҳоясига қадар тўп суради ва кейинчалик жамоани эркин агент сифатида тарк этади. Бу воқеа 2018 йилнинг ёзида содир бўлади. Аммо ҳозирча унинг қайси жамоа сафига бориб қўшилиши аниқ эмас.

Бундан олдинроқ, унинг «Манчестер Сити» сафига бориб қўшилишни истаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Бунга қадар «Барселона» раҳбарияти Мессининг янги шартномага қўл қўйиш учун келишиб олганини таъкидлаганди. Аммо кейинроқ Лионель Неймарнинг «ПСЖ»га ўтиб кетиши натижасида раҳбариятидан кескин норози бўлиб жамоани тарк этиш ниятига тушиб қолганди.

Жорий мавсумда 30 ёшли Лионель Месси «Барселона» учун тўртта ўйинда майдонга тушиб, учта гол киритган.