БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича агентлиги якшанба куни берган маълумотга кўра, шу кунгача Мьянмадан 73,000 киши Бангладешга бошпана излаб чиқиб кетишга мажбур бўлмоқда. Тахминан 400 нафар мусулмон роҳингялари Ракхайн шаҳрида ўлдирилган, ўндан ортиқ киши тан жароҳатлари олган.

Дакка шаҳрида фаолият олиб бораётган БМТ вакили Жозеф Трипуранинг сўзларига кўра, Ракхайн шаҳрига чегарадош Бангладешнинг Кокс Бозор туманига минглаб мусулмонлар ёғилиб келмоқда.

«Ҳозирча уларнинг кўпи вақтинча яратилган муҳожирлар лагерида истиқомат қилишмоқда. Шунингдек, тумандаги мактаб ва ижтимоий марказ бинолари қочоқлар учун бўшатиб берилган», дейди Трипура.

Вазият кескинлашган бир даврда, Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли Бангладешни янада кўпроқ мусулмонларни қабул қилишга чақирмоқда. Қурбон Ҳайит айёмида нутқ қилган вазир Бангладеш томонидан сарфланган барча харажатларни Туркия тўлаб беришини маълум қилди.