2030 йилга келиб Қирғизистон республикаси «қариялар» мамлакатига айланиши мумкин, деб ёзмоқда 24.kg ахборот агентлиги. Бу ҳақда «Қирғиз республикасида қариялар» номли тадқиқот натижасига доир ҳисоботда сўз бормоқда. 

Унда қайд этилишича, бугунги кунда мамлакат аҳолисининг чорак қисми 50 ёшдан катталардир. 

Қарияларнинг 10 фоизи ёлғиз яшайди. 30 фоизи никоҳда. Ёлғиз яшовчиларнинг 13 фоизи шаҳарларда, 11 фоизи қишлоқларда ижарадаги уйда кун кечиради. 

Қарияларнинг деярли барчаси (99 фоизи)да телевизор бор. Бу миқдордан бироз кам, яъни 90 фоиз кекса ёшлилар ихтиёрида совутгич, 77 фоизида кир ювиш машинаси, атиги 27 фоизида сувни электр иситиш қурилмаси бор. 

Электр энергияси билан таъминланганлик даражаси 98,4 фоизни ташкил этди. Табиий газ 58 фоиз шаҳарликлар ва қишлоқ аҳолисининг атиги 5 фоизида бор. Қишлоқлардаги хўжаликларнинг 67 фоизи совуқ ичимлик суви билан таъминланган. Шу билан бирга ювиниши хонаси ва ички ҳожатхона кўрсаткичи жуда паст. 

Умуман, тадқиқотда 4 минг хўжалик қатнашган. Энг серфарзанд оилалар мамлакатнинг жануби – Ўш вилоятида жойлашган. У ердаги 7 фоиз оилада 11 ва ундан кўп одам яшайди. Шаҳар ва республиканинг шимолий ҳудудларидаги оилада бир кишидан 5 кишигача одам яшайди.