Пентагон Россиянинг РД-180 ракета двигателлари муқобилини яратишда техник ва молиявий қийинчиликларга дуч келди. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашри хабар бермоқда. 

United Launch Alliance (ULA) компанияси Atlas V ракеталарини учира олиш учун РД-180’дан 30 тасини кутмоқда, улардан бир қисми етказиб берилган.

WSJ маълумотларига кўра, АҚШ Россия двигателларини 2024 ёки 2025 йилгача ишлатишга қарор қилган. Нашр манбасининг фикрича, бу муддат 2028 йилгача узайтирилиши мумкин.

ULA вакилининг айтишича, айни вақтда Atlas V ракетасини учириш бўйича 22 та шартнома тузилган. Улардан баъзиларини ҳарбий мақсадсиз ўтказиш режалаштирилган.

Россиянинг “Энергомаш” илмий-ишлаб чиқариш уюшмаси америкалик ҳамкорлари билан икки йирик шартномалар портфелига эга. Корхона биринчи портфелга кўра АҚШга Atlas V ракетаси учун РД-180 двигателларини, иккинчисига кўра эса Antares ракеталари учун РД-181 двигателларини етказиб бермоқда.