Ўзбекистонда жисмоний ва юридик шахслар томонидан чет эл валютасининг сотиб олиниш жараёни осонлаштирилади. Бу ҳақда Президентнинг «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига келтирилган шарҳда айтилди.

Шарҳда айтилишча, аҳолидан нақд чет эл валютасини сотиб олиш тижорат банкларининг барча филиал ва мини-банклари томонидан чекланмаган миқдорда ва сарсонгарчиликсиз амалга оширилади.

Бундан ташқари, банклар томонидан аҳоли билан валюта айирбошлаш операцияларини сифатли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида:

жисмоний шахслар томонидан чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш тартибини соддалаштириш;

байрам ва дам олиш кунларида валюта айирбошлаш шохобчаларининг узайтирилган иш тартибини жорий қилиш;

тижорат банкларининг филиаллари ва мини-банкларида, айниқса, йирик савдо марказлари ва бозорларда қўшимча валюта айирбошлаш шохобчаларини очиш;

конверсион бўлимлар орқали чет эл валютасини сотишда олинадиган воситачилик ҳақи миқдорини имкон даражасида пасайтириш чораларини кўриш;

халқаро тўлов карталаридан хорижда фойдаланишда мавжуд барча чекловларни бекор қилиш назарда тутилган.

Жисмоний шахслар ҳам тижорат банкларининг конверсион бўлимларида чет эл валютасини эркин сотиб олиши, сотиб олинган маблағларни халқаро тўлов карталарига ўтказиб, улардан хорижда ҳеч қандай чекловларсиз, шу жумладан, банк ҳисобварақлари орқали хорижда ўқиш, даволаниш ва бошқа мақсадлардаги тўловлар учун фойдаланиши мумкин.

Бозор тамойиллари асосида валюта ресурслари оқимининг самарадорлигини ошириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, шунингдек, ташқи савдода валюта сиёсатининг рағбатлантирувчи ролини ошириш мақсадида миллий валютанинг хорижий валютага нисбатан айирбошлаш курси фақатгина валюта биржасининг банклараро электрон савдоларида валютага бўлган талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда белгиланади.