Ҳиндистон-Хитой чегарасида пайдо бўлган муаммо BRICS саммитига саноқли кунлар қолганда сунъий равишда бартараф этилди. Ҳар икки томон ҳам ҳарбийларини чегара қисмдан узоқлаштирди, бу ҳолат Си Цзиньпин учун бир поғона устунлик бериб, саммит самарадорлигини ошириши мумкин. Аммо бутун дунё ялпи ички маҳсулотининг 29 фоизлик улушини ўзида жамлаган BRICS'га аъзо давлатлар G7 - «Катта еттилик» давлатларига қарши тура оладими?

Ўтган 10 йил давомида BRICS давлатлари иқлим ўзгариши шартларига риоя қила бошлади ва Халқаро Валюта фондидаги ўз позициясини мустаҳкамлаб бормоқда. Шунга қарамай, жаҳон бозори иштирокчилари орасида Жануб-шарқий Осиё давлатларининг бирлашмаси (ASEAN), Кўрфаз ҳамкорлиги ташкилотлари ҳам бор бўлиб, протекционизмни қўллаб келмоқда.

Хитойнинг мегалойиҳаси айнан ҳиндлар томонидан танқид остига олинганди. Ҳукумат «Бир макон, бир йўл» ташаббусини Хитойнинг иқтисодий экспанцияси ҳамда жойларда геосиёсий таъсирини оширишга ҳаракат қилиш сифатида қабул қилган. Покистон ва Кашмир билан тузилган алоҳида лойиҳалар ҳам Ҳиндистон расмийларини ташвишга солади.