Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 23 июндаги «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шавкат Мирзиёев 1 сентябрь куни Ҳазрати Имом (Хастимом) мажмуасида бўлиб, мазкур марказ лойиҳаси билан танишди.

Айтиш жоизки, юртимизда муқаддас динимизни, уламоларимизнинг бой меросини ўрганиш, тарихий обидаларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, янги маънавият масканлари ташкил этилмоқда, зиёратгоҳлар ва бошқа қадамжоларда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилмоқда. Бу каби хайрли ишлар юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда.

Шуларни инобатга олиб, давлатимиз раҳбари Ислом маданияти маркази номини Ислом цивилизацияси маркази, деб ўзгартириш таклифини билдирди.

Шавкат Мирзиёев марказ қурилиши бўйича тақдим қилинган лойиҳага алоҳида эътибор қаратди:

«Бу марказ бизнинг ислом дини тарғиботидаги юзимиз бўлади. Шундай экан, унинг ташқи кўриниши, бу ерда ишлатиладиган қурилиш материалларига ҳам эътибор қаратиш лозим. Одатдаги, кўзимиз ўрганиб қолган лойиҳалардан воз кечиб, янги шакл ва дизайн топишимиз керак», — деди давлатимиз раҳбари.

«Дунё ҳамжамиятида бундай марказ, ислом цивилизацияси маркази яккаю ягона бўлади, худо хоҳласа. Шунинг учун биз бу марказнинг қурилишига жуда катта эътибор қилаяпмиз. Бу ерга кириб чиққан инсоннинг дунёқараши ўзгаради, маънавияти камол топади. Ислом цивилизацияси марказидан Ислом эницклопедияси чиқарамиз. Ўзбек миллатини яна бир марта тараннум қиламиз. Булар асло кичкина масалалар эмас. Мана, бизнинг ватандошимиз, Алишер Бурҳонович Усмонов бу борада биз билан ҳамкорлик қилиб, катта мадад кўрсатмоқда. Ватандошимизнинг шундай катта кўмак кўрсатиши тарихда қолади. Бундай бино албатта тарихда қолиши керак», — деди Президент.