4 сентябрда Испания соҳиллари яқинида 61 муҳожир қутқариб қолинди. Бу ҳақда денгиздаги қутқарув хизмати маълум қилган.

Ўрта ер денгизининг ғарбий қисмида бортида 47 киши бўлган қайиқ аниқланган. Муҳожирлар Кадис вилоятидаги Тариф  портига олиб кетилганлар. Бундан аввалроқ Тарифдан бир неча миль узоқликда бортида 7 кишидан бўлган иккита қайиқ аниқланган.

Жорий йилда Ўрта ер денгизи орқали Испанияга миграция оқими кескин ошди. Халқаро миграция ташкилоти маълумотларига кўра, январдан август охиригача Испанияга денгиз орқали 8385 киши келган, 121 киши йўлда ҳалок бўлган. Ўтган йилнинг шу даври ичида Испанияга 3805 киши келганди, 116 киши йўлда ҳалок бўлганди.

Жорий йил бошидан Европага денгиз йўли орқали келган муҳожирлар сони 121 минг кишидан ошиб кетди. Улардан 98 мингдан ошиқроғи Италияга келган. 2410 киши эса йўлда ҳалок бўлган.