Буюк Британиядаги McDonald's ресторанлари тарихида биринчи марта Кембрижда ва Лондоннинг Крейфорд туманида иш ташлаш ўтказилмоқда. Бу ҳақда Bakers Food and Allied Workers Union (BFAWU) новвойхоналари касаба уюшмаси хабар қилмоқда. 

РИА Новостига кўра, McDonald's 1974 йилдан буён Бирлашган Қиролликда фаолият юритади. Норозилик акциясида 40 га яқин киши иштирок этиши кутилмоқда. Ресторанлар ходимларининг норозилигига, иш вақти аниқ кўрсатилмаган шартномаларни имзолашга мажбур қилаётгани сабаб бўлмоқда. Бу эса, соати белгиланмаган иш куни, муддатдан ортиқ ишга қўшимча ҳақ тўлашнинг йўқлиги ҳамда иш берувчининг ўз хоҳишига кўра ишчини чақиришини ёки умуман чақирмаслигини англатади. Бундан ташқари ишчилар ҳеч бўлмаганда соатига 10 фунт стерлинг миқдоридаги минимал маош белгиланишини талаб қилишмоқда. 

Бугун 4 сентябрь куни эрталаб Кембрижда кўпсонли акция бўлиб ўтган. Шундай намойиш Крейфордда ҳам бўлиши, сўнгра улар Лондонда учрашиши кутилмоқда.