Ўтган йили Златан Ибраҳимович интервьюларидан бирида «менинг футболкамни  сотиш орқали олинадиган даромад Поль Погбанинг трансферини бемалол қоплайди» деган эди. Бундай фикрларни жиддий қабул қиладиганлар бор, «Реал», «МЮ» каби клублар йирик трансферларни мана шу йўналишдаги даромадлар орқали бемалол қоплай олишлари мумкинлиги ҳақида фикрлар кенг тарқалган. Ростан ҳам шундайми? Клублар трансфер суммасини ўша футболчининг футболкасини сотиб ҳам қоплай оладиларми?

Бу нотўғри фикр. Adidas, Nike каби компаниялар тузиладиган ҳомийлик шартномалари оддий ҳомийлик шартномаларидан фарқ қилади. Мисол учун Adidas «Манчестер Юнайтед» билан катта миқдорда шартнома туздими, бу компаниянинг ўз маҳсулотларида клуб брендидан фойдаланиш имконини ҳам беради. 

Клублар фақат аввалдан белгилаб қўйилган йиллик тўловларни ва қўшимча футболкалар сотувидан тушган даромаднинг 10-15 фоизини оладилар, холос. Мисол учун, Adidas Поль Погбанинг футболкасидан 100 миллион даромад қилган бўлса, «Манчестер Юнайтед»га шундоқ ҳам ҳар йили оладиган 75 миллионга қўшиб, 200 миллионнинг 15 фоизи - 15 миллион беради. Яъни йирик трансфернинг тўлиғича, ҳатто ярми ҳам сотилаётган футболкалар ёрдамида қопланиши деярли имконсиз иш. 

Бундан ташқари, янги футболчининг трансфери футболка бозорини ларзага келтира олмайди. Айтайлик, ўша футболчи туғилиб ўсган юртда савдо сезиларли ошиши (эсингизда бўлса, «Манчестер Юнайтед» ва «Арсенал» клублари ўз сафларига хитойлик футболчиларни қўшиб олгандилар) мумкин холос. Бошқа жойларда шундоғам футболка сотиб олишни режалаштирган мухлислар харидни амалга оширадилар - шунчаки, янги футболчи исми туширилган футболкани танлашади.

Савол туғилиши мумкинки, нега клубларнинг ўзи футболка ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, катта даромадлар қилишмайди? 

Жавоби оддий, футбол клублари спорт формаси ишлаб чиқарувчи корхона эмас. Уларнинг дистрибьюторлардан иборат глобал тармоғи ҳам, логистика марказлари ҳам, минглаб, балки миллион либосларни ишлаб чиқариш ва етказиб беришни йўлга қўя оладиган имкониятлари ҳам йўқ. Клублар ҳатто ўзларининг интернет-магазинларини бошқаришда товарларни етказиб бериш учун бошқа логистик компаниялар ҳизматига мурожаат қилишга мажбур бўлади, бу эса либос ишлаб чиқарувчи компанияларнинг иши олдида ҳеч нарса эмас. 

Футбол клубларида бу соҳанинг наҳанглари олдида ресурс ҳам, нон ҳам йўқ. Футбол клублари кўзимизда қанчалик йирик кўринмасин, Adidas ёки Nike компаниялари олдида жуда кичикдир. Хусусан, Nike компаниясининг сўнгги 4 ойлик даромади 7 миллиард доллардан ошди - бу эса, «Челси»нинг 112 йиллик тарихида қилган даромадларидан кўпроқдир. 

Қ.Асланов тайёрлади