Буддизм эътиқоди бир неча асрлардан бери тинчлик дини, кишиларга садоқат ва меҳр улашиб, хотиржамликни тараннум этади, дея таърифланади. Унга эътиқод қилувчи диндорлар кишининг ўлимидан сўнг қайта туғилиш (реинкарнация) юз беришига ишонади. Марҳум руҳи ва идроки бошқа танага кириб жонланади. Агар бу рост бўлса, Ҳитлер, Сталин ёки Маонинг руҳи Ашин Виратхуга кўчиб ўтган. Негаки, у асрлар давомида инсониятни яхшиликка чорлаган дин таълимотини эмас, террор ва жирканч ғоя ташвиқоти билан шуғулланди.

Los Angeles Time нашрининг ёзишича, у ўзини агент Жеймс Бондга ўхшатган. «Жосус қанчалик ёмонлик қилса ҳам, миллатининг равнақи учун курашади. Мен эса ривожланишимиз, эътиқодимиз олдида катта хавф туғдириб турган мусулмонларни йўқ қилиб юборишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим», дейди у.

Ҳафта давомида энг катта қайғули ҳодисаларни Мьянмада кузатар эканмиз, унинг бош «меъмори»ни таниб олишга ҳаққингиз бор. Ўзининг миллатчилик руҳидаги тарғиботлари учун монах 2001 йил 25 йил қамоқ жазосига маҳкум этилганди. Орадан 11 йил ўтиб Ашин озодликка чиқарилди, аммо бу сафар ҳукумат ва ҳарбийлар орасида унинг измига юрадиганлар кўплаб топилгани туфайли турли интернет платформаларида эски «қилиғини» бошлаб юборди. Натижа «ёмон эмас»: орадан деярли 7 йил ўтиб, йирик хуружлар юз бермоқда.

Reuters берган маълумотга кўра, ўтган ҳафтанинг ўзида мусулмон динига эътиқод қилган роҳингяларнинг 2600дан ортиқ хонадонига ўт қўйилди.

Бу вақт мобайнида эса 90 мингга яқин роҳингялар ўз уйларини тарк этиб, қўшни, аҳолисининг кўпчилиги мусулмонлардан ташкил топган Бангладешга қочиб ўтишга мажбур бўлмоқда. Зиддиятга нима сабаб бўлганига тўхталмоқчи эмасман, аммо қувилгани етмагандек, Мьянма ҳарбийларининг Ракхайнга кириб келиши, шу 7 кун ичида 400 нафар мусулмон жонига қасд қилиши, атрофдагиларни кузатувчи бўлиб ўтиришга ундамайди.

Агар жорий йилнинг 18 мартида БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан Мьянмадаги мусулмонларга ёрдам кўрсатиш бўйича резолюциянинг Россия томонидан тўхтатиб қўйилганига эътибор қилсак, қудратли давлатларни бу ташвишга солмаётганини англаш мумкин. Қолаверса, инқироз этник ва диний келиб чиқишига кўра, кишиларни ажратиш билан бошланди. БМТ ХКда на бир мусулмон давлат доимий аъзоликка эга, на минтақада кучли таъсирга эга роҳингя уюшмалари бор. Доимий аъзо давлатларнинг бори ҳам собиқ мустамлакачи ёки Исломга қарши зимдан қарши ҳаракат олиб борган.

Бу ўринда Мусулмон давлат биродарлигидан бир нарса кутиш наф берадими? Менимча, йўқ. Айниқса араб-мусулмонларидан мадад кутиш аҳмоқона иш бўлса керак.

Ҳозирга қадар фақат Туркия моддий ёрдам кўрсатиш ташаббуси билан чиқди. Агар минтақада мусулмон ночор аҳоли эмас, ноодатий жинсий қарашга эга кишилар қатлиом қилинганида, АҚШ қараб турармиди? Франциячи? Ўйлайманки, бутун дунё айюҳанос солиб, Мьянмадаги вазиятни ёритишга тушган бўлар эдилар. Лекин, ҳозир нотаниш ва кам сонли аҳолидан ташкил топган роҳингя мусулмонлари ўлиб кетяпти, холос...

Алишер Рўзиохунов