Beeline алоқа оператори 2017 йилнинг 5 сентябридан бошлаб Unitel МЧЖ ва Buzton ҚК хизматларига барча тарифлар миллий валютада ўрнатилишини маълум қилди.

Бундай қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 сентябрдаги «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи галдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5177-сонли фармонига мувофиқ қабул қилинган. 

Шу билан бирга, миллий валютадаги тарифларга ўтишнинг базавий асосига АҚШ долларининг ўзбек сўмига нисбатан Марказий банк томонидан 2017 йил 29 августдан белгиланган расмий курси олинади, яъни бир доллар учун 4210 сўм.

KUN.UZ мухбири бу масала бўйича қўшимча маълумотлар олиш мақсадида UMS, Ucell каби мобиль алоқа операторларининг мижозлар билан ишлаб бўлимига мурожаат қилди. Компания вакиллари ҳозирча аниқ маълумот бера олишмади. 

Бироқ, KUN.UZ манбасининг айтишича, бу борадаги тегишли кўрсатмалар барча мобиль алоқа операторларига бугун, 4 сентябрь куни берилган ва 5 сентябрдан сўмдаги тарифлар ўтилиши маълум қилинган. Айни дамда жараённинг техник жиҳатлари борасида ишлар олиб борилаётгани айтилди.