Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 2 сентябрь куни «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи галдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5177-сонли фармонни имзолади.

Фармонга кўра 2017 йилнинг 5 сентябридан бошлаб:

Юридик шахслар жорий халқаро операциялар бўйича хорижий валютани тижорат банкларидан чекланмаган миқдорда харид қилишлари мумкин.

Жисмоний шахслар ҳам тижорат банкларининг конверсион бўлимларида хорижий валютани эркин сотиш ва харид қилишлари мумкин. Бунда ўрнатилган қоидага кўра, сотиб олинган валюта маблағлари халқаро тўлов карталарига ўтказиб берилади ва ундан хорижда ҳеч қандай чекловларсиз фойдаланиш мумкин бўлади.

Юридик шахс мақомига эга бўлмаган, лекин хориждан истеъмол товарлари импорти билан шуғулланувчи хусусий тадбиркорларга валютани жисмоний шахслар учун ўрнатилган тартибда харид қилишга рухсат берилади.

Мулкчилик шаклидан қатъи назар, экспорт билан шуғулланувчиларнинг хорижий валютадан тушумини мажбурий сотиш талаби эса бекор қилинади.

Юридик шахс мақомига эга бўлмаган хусусий тадбиркорлар, шунингдек, хорижий валютада даромадга эга бўлган фермер хўжаликларига ўзларининг банкдаги ҳисобварағидан нақд валюта ечиб олишига рухсат берилади.

Фармонга кўра, республика ҳудудида қуйидаги тартиб ўрнатилмоқда:

— товарлар (иш ва хизматлар) учун хорижий валютада тўлов қилиш тақиқланади, халқаро амалиётга мос равишда халқаро тўлов карталари билан амалга ошириладиган тўловлар бундан мустасно;

— товарлар, иш ва хизмат учун нархлар ва тарифлар, шунингдек, жамиятларнинг низом жамғармасига минимал талаблар фақат миллий валютада кўрсатилади;

— давлат божлари, йиғим ва бошқа мажбурий тўловлар фақат миллий валютада амалга оширилади, консуллик йиғимлари бундан мустасно.

Президентнинг янги фармони катта шов-шув келтириб чиқарди ва ижтимоий тармоқларда одамлар бир қатор саволларни ўртага ташлашмоқда. Қонун тилида айримларга тушунарсиз кўринган жумлаларга ойдинлик киритиш ва фуқаролар томонидан ўртага ташланаётган саволларга жавоб олиш мақсадида KUN.UZ журналисти молиявий эксперт Александр Давлетовга мурожаат қилди.

— Янги қоидага кўра харид қилинадиган валюта маблағлари аввалгидек халқаро конверсион тўлов карталарига ўтказиб берилмоқда? Фарқи нимада?

— Ўзи ҳозиргача ҳам валюта халқаро конверсион пластик картага тушириб берилар эди. Фақат давлат курсида ва бир одамга кварталига 2000 доллардан кўп бўлмаган миқдорда. Боз устига, барча давлатларда бундай карталарни эркин ишлатишга, масалан, кунига 100 доллардан ортиқ ишлатиш учун чекловлар бор эди. Энди бундай чекловлар йўқ. Ҳар ким истаганича валюта харид қилиб, хорижда истаганича тасарруф этиш ҳуқуқига эга. Фарқи — энди аввалгидек, 4200 сўмдан эмас, анча баландроқ (ҳозирча айнан қанчалиги маълум бўлмаган) курсда. 5 сентябрдан курснинг қанчалиги бугун аниқлик киритилади (яъни Марказий банк девальвация миқёси ва мезонлари ҳақида бугун расмий баёнот беради).

— Нега харид қилинаётган валюта айнан конверсион пластик картага ўтказиб берилмоқда? Бирйўла нақд кўринишда берилмаяпти?

— Бу дастлабки даврда чайқовчиликнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилмоқда. Чунки 5 сентябрдан бошлаб юртимизда ҳеч нарса валютага сотилмайди. Барча жойда фақат миллий валюта — сўмга савдо қилинади. Илгари Ўзбекистонда автомобиллар, авиачипталар ва яна айрим нарсалар валютага харид қилинарди. Ҳозир уларнинг савдоси барчаси тўлиқ сўмга ўтказилган. Иккинчи сабаб — шаффофликни таъминлаш. Ҳозирча жисмоний шахсларга ҳеч қандай ҳолатда нақд валюта сотилмайди. Агар ҳаммаси рисоладагидек кетса, янги йилдан нақд валюта сотуви ҳам йўлга қўйилиши мумкин.

Ростдан ҳам, бундай ўйлаб қаралса, Ўзбекистонда валютага савдо бўлмагач, у фақат хорижга чиқадиганларга керак бўлса, картада олиб юриш қулай эмасми? Хорижда ҳамма жойда чекловсиз ўтиши таъминланмоқда-ку? Асло хавотирга ўрин йўқ. Бир йил муқаддам мана шу ишлар бўлади, дейилганида ҳеч ким ишонмаган бўлар эди.

— Хориждан келаётган пул ўтказмалари-чи? Улар нақд долларда бериладими ё сўмда? Ёки халқаро конверсион пластик картага ташлаб бериладими?

— Хориждан келаётган халқаро пул ўтказмалари компаниялари билан келишувларга кўра, беистисно ва чекловларсиз, фақат нақд долларда берилади. Албатта, олувчи истаса ўтказмани сўмда ҳам олиши мумкин, лекин турли спекуляцияларга йўл қўйилмаслик учун Ўзбекистон томонининг ўзи долларда берилишини кафолатлаган. Мисол учун, Тожикистон ва Қирғизистонда истасангиз сомоний ва сомда ҳам олишингиз мумкин. Бизда эса хориждан келган пулни олувчи аввал долларда олади ва кейин истаса валюта айирбошлаш шохобчасига олиб бориб, нақд сўмга алмаштиради.

— Айтайлик, бирор кишининг номига очилган халқаро пластик картага хориждан валюта ўтказиб берилди. У шу пластик картасидан Ўзбекистонда нақд валютани ечиб олиши мумкинми?

— Бундай валюта маблағларини конвертация очилгунга қадар ҳам «Visa» ёки «Master Card» халқаро пластик карталарига ўтказиш мумкин эди. Шунчаки, бу ҳолатда кирим учун фоиз баланд бўлади. Бунинг учун «Visa» ёки «Master Card» карточкалари очилиши керак, холос, бунинг конвертацияга алоқаси йўқ. Бу карталардан Ўзбекистон ичида чекловларсиз, комиссиясини тўлаб, нақд доллар ечиб олавериш мумкин. Ўзбекистон ичида ишлатиб бўлмайдиган валюта картаси бу — «Visa» конверсия ёки «Master Card» конверсия карталари холос. Тижорат банкларимиздан сўмга сотиб олинадиган валюта маблағлари фақат ана шундай конверсион карталарга ўтказиб берилади. Фарқи шу.

— Бевосита сизнинг соҳангизга тааллуқли бўлмаса-да, одамларни қизиқтираётган яна бир савол. Маълумки, GM-Uzbekistan автомобилларининг нархи долларда белгиланиб, МБ расмий курси бўйича сўмда ҳафтама-ҳафта ошиб бораётган эди. Агар энди долларнинг эркин курси биз кўникиб қолган 4200 сўмдан баландроқ бўлса, янги курсда автомобилларнинг нархи 2 баробар ошмайдими?

— Йўқ, менимча, автомобилларнинг нархи ўтган ҳафта сешанба куни сўнгги марта ошган кўйи сўмда мустаҳкамланади ва буёғига ана шу нархларда сотилади. 

(Абонентлик тўловларини МБ белгилаган курсда сўмда қабул қилиб келган уяли алоқа компаниялари ва интернет провайдерлар, шунингдек, автомобиллар нархини МБ курсига қараб ҳар ҳафта ўзгартирадиган GM-Uzbekistan АЖ билан нархлар борасидаги саволларга аниқлик киритишга ҳаракат қиламиз. (Ҳар эҳтимолга қарши уяли алоқа, интернет ҳисобларингизни тўлдириб олишингиз тавсия қилинади, ҳарқалай камида бундан ютқазмайсиз). Дарвоқе, GM-Uzbekistan’нинг Асакадаги автозаводидаги июнь ойида бўлиб ўтган пресс-тур давомида GM-Uzbekistan бош директори Р.Ражабов эркин конвертация очиладиган бўлса, автомобилларнинг долларда белгиланган нархлари албатта туширилиши ҳақида айтиб ўтган эди. — KUN.UZ).

Экспертларнинг фикрича, эркин конвертацияга ўтилиши муносабати билан нархи ошувчи товар ва хизматлар асосан монопол компаниялар тақдим этадиган товар ва хизматлардан иборат бўлади. 

Булар биринчи навбатда бензин (чунки 80 фоиз нефть импорт қилинади) ва электроэнергия (қишки мавсумда таъминот узлуксизлигини амалга ошириш учун 25 фоизгача электр энергияси қўшни давлатлардан импорт қилиниши мўлжалланмоқда) нархи, темир йўллари (валютада кредитлари ва машина-ускуналар импорти улуши юқори) ва ҳаво йўллари (валютада кредитлари ва машина-ускуналар импорти улуши жуда баланд) хизматлари нархидир. 

Озиқ-овқат ва кийим-кечаклар қимматлашишидан хавотир олинмаса ҳам бўлади (қайтанга арзонлашиши кузатилади), чунки бу турдаги товарлар ўн йиллардан буён қора бозор ва ундан юқори курсда олинган валюта ҳисобидан импорт қилиб келинган.

KUN.UZ журналисти Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади.