Қирғизистонда шундай қишлоқлар борки, у ерда бирор киши вафот этиб қолса, уни дафн этишга одам топилмайди. Чунки у ерларда фақат қариялар ва ёш болалар истиқомат қилишади. Бу ҳақда «Қирғиз республикасида қариялар» номли тадқиқотда сўз юритилган, деб ёзмоқда 24.kg ахборот агентлиги.

Қайд этилишича, айрим қишлоқларда кексалар ва ёш болалар яшайди. Экспертларнинг сўзларига кўра, бу қариялар билан бир қаторда болалар учун ҳам яхши эмас. Бундай болалар керакли таълим-тарбия ололмайди. 

Тадқиқот натижасига кўра, 75 ёшдан катта бўлган ҳар тўртинчи қария ҳафтада 5 кун невараларига қараш билан овора. Кекса кишиларнинг кўпчилиги ҳафтада бир неча марта ўзлари билан бирга яшамайдиган невараларининг ҳолидан хабар олишга мажбур. 

«50-54 ёшдагилар уйдаги кўплаб ишларни бажаришади, коммунал хизматларни тўлашади, озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилади ва фаол дам олишади. 80 ёшдан катталар хўжаликдаги турли вазифаларнинг чорак қисмигача адо қилишади», — дейилади ҳисоботда. 

Тадқиқот 4 минг уй хўжалигида ўтказилган.