2020 йили Токиода бўлиб ўтадиган ёзги Паралимпия ўйинлари вақтида 537 та медаллар тўплами учун кураш олиб борилади. Халқаро паралимпия қўмитаси ижроқўмининг Абу-Дабида бўлиб ўтган мажлисида шунга қарор қилинди. Бу ҳақда ТАСС агентлигига ХПҚнинг жамоатчилик билан алоқалар бўйича директори Крейг Спенс маълум қилди.

Токиодаги Паралимпиада 2020 йил 26 августдан 6 сентябргача бўлган муддатда ташкил этилади. "Токио Паралимпиадасида 537 та медаллар тўплами ўйналади. Бу Ўйинлардаги иккинчи энг кўп миқдордир. Бу борадаги рекорд Сиднейда бўлиб ўтган Паралимпиадага тегишлидир. Ўшанда 561 та медаллар шодаси ўйналган", - деган Спенс.

2015 йили ХПҚ Паралимпиада дастурига бадминтон ва тхэквондони киритди. Токио Паралимпия ўйинларида айни шу спорт турлари бўйича ҳам медаллар ўйналади. Умуман, Япония пойтахтида спортчилар 22 спорт тури бўйича куч синашади. Булар: бадминтон, аравачаларда баскетбол, бочче, велоспорт, волейбол, голбол, эшкак эшиш, дзюдо, каноэ, от спорти, енгил атлетика, стол тенниси, сузиш, аравача регби, камондан отиш, пауэрлифтинг, ўқ отиш, аравачада теннис, триатлон, тхэквондо, аравачада қиличбозлик, 5х5 шаклида футбол.