Германиянинг Volkswagen автомобилсозлик компанияси ва унинг Хитойдаги иккита қўшма корхонаси ёнилғи насосларидаги муаммо сабабли 1,8 млн та машинани қайтариб олмоқда. Бу ҳақда The Independent нашри хабар бермоқда. 

2007-2014 йилларда ишлаб чиқарилган Volkswagen Magotan, 2009-2014 йилларда ишлаб чиқарилган Volkswagen Passat (FAW-Volkswagen қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган) ҳамда 2011-2015 йилларда ишлаб чиқарилган VW Passat (SAIC Volkswagen’да ишлаб чиқарилган) моделлари қайтариб олинмоқда. Шунингдек, импортга чиқарилган 19000 дона машина ҳам қайтарилмоқда.

Машиналарда электроника ва ёнилғи насосининг ишламай қолиши оқибатида двигатель ўчиб қолиши мумкинлиги аниқланган. Носозлик ҳақидаги маълумотлар 2016 йил апрелда Хитой ҳукумати томондан ўтказилган тадқиқот натижасида олинган.

Volkswagen март ойида ҳам Хитойдан 680 минг дона Audi машиналарини чақиртириб олган. Бунга машиналардаги совитувчи суюқлик насосларидаги нуқсон сабаб бўлган.