Ўзбекистон МТРКдаги «Заковат» интеллектуал кўрсатувининг илк билимдонларидан бири бўлган Фарҳод Акбаров 38 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Хушнудбек Худайбердиев Facebook’даги саҳифаси орқали хабар берган.

Фарҳод Акбаров «Заковат»да 2001 2005-йилларда иштирок этган ва ўз жамоаси билан бир неча марта чемпион бўлган.

«Фарҳод Акбаров кўпчилик «Заковат» билимдонлари сингари шахсан мен учун ҳам ҳақиқий афсона эди! Айнан уларнинг ўйинларини кўриб, уларнинг билимдонлигига ҳавас қилиб, қалбимизда «Заковат»га бўлган меҳр, иштиёқ пайдо бўлган. «Заковат»га дастлабки йилларидан мухлис бўлган инсон борки, ҳаммаси Фарҳод Акбаров жамоасининг ўйинидан роҳат олишган, ўзгача шавқ билан томоша қилишган. Дастлабки таассурот кучли бўлади, дейишади. «Заковат»нинг илк йиллари Фарҳод Акбаров каби кучли билимдонлар билан бошлангани кўрсатувнинг келажаги учун катта ютуқ бўлган, деб бемалол айтиш мумкин.

Фарҳод ака «Заковат»да 2001 2005-йилларда иштирок этган ва ўз жамоаси билан бир неча марта чемпион бўлган. Мана, орадан 12 йиллик танаффус ўтган бўлса ҳам, ҳалигача мухлислар Фарҳод Акбаровни албатта эслайди, «ўшанақа зўр билимдонлар қачон яна чиқади?» деб сўрашади. Айниқса, Фарҳод аканинг янги йил ўйинида бошловчи билан юзма-юз қолиб, блиц саволларга ўта тезкорлик билан ҳаммадан кўп жавоб бергани ва хорижга малака ошириш учун йўлланма ютиб олгани ҳали-ҳануз ҳеч кимнинг ёдидан чиқмаган. Мана, шуларнинг ўзи ҳам Фарҳод аканинг нақадар халқ қалбидан чуқур жой эгаллаганига яққол мисол бўла олади, ортиқча таъриф ҳам шарт эмас аслида», - дея ёзган Хушнудбек Худайбердиев.