Июль ойида Жанубий Корея республикасидаги мобил қурилмалар орқали амалга оширилган савдолар ҳажми рекорд ўрнатди. Дунёнинг энг ахборотлашган мамлакатида смартфонлар иштироки тобора кенгайиб бораётган бир вақтда электрон савдолар ҳам ўсмоқда. Ҳукумат ҳисоботида шу ҳақда сўз боради, деб хабар қилмоқда Ёнхап агентлиги.

Унга кўра, смартфонлар ва таблетофонлар орқали харидлар учун пул ўтказмалари июль ойида 4.01 трлн вон (3.6 млрд АҚШ доллари)га етган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 35,1 фоиз кўп демакдир, дейилади Корея Статистика маълумотномасида. 

Июль ойида амалга оширилган жами интернет харидларнинг 62 фоизи эса айнан мобил тўловларга тўғри келади. 

Жанубий Кореяда мобил қурилмалар орқали харидлар сўнгги бир неча йил мобайнида ўсиб келмоқда. Чунки мамлакат фуқаролари онлайн пул ўтказмалари учун компьютер ўрнига “ақлли” қурилмалардан кўпроқ фойдаланишмоқда. 

Хусусан, мобил қурилмалар орқали саёҳатга буюртма бериш ва кинотеатрлар чипталарини харид қилиш 25,1 фоизга ошиб, июль ойида 674.8 млрд вонга етган. Косметика маҳсулотлари савдоси 26,8 фоизга ўсиб, 315.4 млрд вонни ташкил этди. 

Либослар савдоси 31,6 фоизга ўсган ва 415.6 млрд вондан иборат бўлган. Смартфонлар орқали сотилган электроника маҳсулотлари миқдори 478.2 млрд вонга ўсган. Бу 46 фоизга кўпайганини англатади.