WikiLeaks ташкилоти асосчиси Жулиан Ассанж 4 сентябрда Шимолий Корея атрофидаги жорий вазиятни дунёни ядро уруши ёқасига қўйган 1962 йилги Кариб инқирози билан қиёслади. 

“Жанубий Корея Хитой учун Куба АҚШ учун деганидир. АҚШ Шимолий Корея билан можаро чиқариб, THAAD ракеталарини жойлаштиришга баҳона чиқармоқда. Балки, АҚШнинг мақсади Жанубий Кореяда ядро қуролини жойлаштиришдир? Агар шундай бўлса, кўплаб ҳарбий ва иқтисодий дастакларга эга бўлган Хитойдан жавоб ҳаракатларини кутиш керак”, деб ёзган Ассанж твиттерда.

1962 йил ёзида собиқ иттифоқ “Анадир” махфий операцияси доирасида АҚШ соҳилларидан бор-йўғи 200 км узоқликда жойлашган Кубага баллистик ракеталар, сўнгра уларга ядровий каллакларни етказган. 1962 йилнинг сентябрь-октябрь ойларида миқдори 40 минг кишидан ортиқ бўлган 51-ракета дивизияси Кубага жойлаштирилган.1962 йил октябрда иттифоқ ракеталари АҚШ разведкаси томондан аниқлангач, Кариб инқирози каби маълум бўлган собиқ иттифоқ ва АҚШ ўртасидаги тарихдаги энг йирик муносабатлар кескинлашуви вужудга келган.

Ўтган йил июнида Жанубий Корея Шимолий Кореядан ҳимояланиш учун ўз ҳудудида АҚШнинг THAAD зенит-ракета мажмуасини жойлаштиришга қарор қилганди. 1 сентярбда, Пхеньян навбатдаги ядро синовини ўтказишидан 2 кун аввал Сеул ўз ҳудудида АҚШ ядро қуролини жойлаштириш имконини кўриб чиқмаслигини айтганди.