Бугундан бошлаб юртимиздаги тижорат банкларда аҳолидан валюта айрибошлаш бошланди. Ижтимоий тармоқлар валютасини қийналмасдан сўмга алмаштирган инсонлар фотосуратлари билан тўлиб-тошмоқда.

Тижорат банкларининг барчасида 1 АҚШ доллари 8000 сўмдан сўмга айрибошлаб берилмоқда. Айрим хабарларга кўра, кечагина 7600-7800 сўм атрофида бўлган «қора бозор» курси ҳам бугунга келиб 8050 сўмга кўтарилган.

Яна бир эътиборли ҳолат — Марказий банк 2017 йил 5 сентябрдан бошлаб чет эл валюталарининг сўмга нисбатан курсини белгилашда курси белгиланадиган валюталар қаторини анча кенгайтириб, унга Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва ҳатто Афғонистон миллий валюталарини ҳам киритган.

«Илгари мазкур валюталарнинг сўмга нисбатан расмий курси белгиланмас ва ҳатто бу валюталарда экспорт-импорт шартномалари тузилишига ҳам йўл қўйилмас эди, қандайдир тасодифий йўл билан ушбу валюталарда битимларни статистика учун қайд этиш учун лозим бўлганда эса кросс-курслардан фойдаланилар эди. Бу жуда арзимасдек ҳолат бўлиши мумкин, лекин бунинг негизида жуда катта рамзий маъно ва ишоралар бор.

Демак, қўшнилар билан савдо-сотиқ муносабатлари бардавом бўлади, унга асосий урғу берилади», — дейишмоқда экспертлар.

Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади.