«Барселона» ёзги трансферлар вақтида икки маротаба «Ювентус» ҳужумчиси Пауло Дибалани сотиб олиш таклифини ўзи рад этган. Бу ишни клуб мутасаддилари «Ливерпуль» яримҳимоячиси Филиппе Коутиньо сабаб амалга оширган, деб ёзмоқда AS нашри La Sexta манбасига таяниб.

Манба берган хабарга кўра, «Ювентус» «Барселона»  билан 23 ёшли Дибалани 120 млн евро эвазига сотишга тайёр бўлган, аммо каталонияликлар туринликлар билан музокара олиб боришдан бош тортган ва фақат Коутиньо трансфери бўйича шуғулланишган.

17 август куни «Барселона» вице-президенти ва Дибаланинг агенти ҳамда «Ювентус» ижрочи директори иштирокида учрашув бўлиб ўтган. Суҳбат пайтида футболчининг «Барса»да ўйнаш истаги борлиги ва бунинг учун туринликлар музокара ўтказишга тайёр эканини маълум қилишган. Шунга қарамасдан, «Барселона» спорт директори Роберт Фернандес таклифга рад жавобини бериб, Дибала миллий терма жамоадаги шериги Лионель Месси билан бирга ёнма-ён ўйнаб кета олмайди деб ҳисоблаган. Натижада каталонияликлар Коутиньо учун ҳаракат қилган. Якунда жамоа уни қўлга кирита олмади.

Трансфер бозори якунланишига икки кун қолганида «Ювентус» «Барселона»га яна бир таклиф билан чиққан, бироқ бу таклиф ҳам рад этилган.