Юртимизда ёшларнинг чет тилларини мукаммал ўрганиши учун етарли шарт-шароитлар яратилмоқда, ёш авлод вакилларига чет тилини ўргатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга, ёш кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида бир қатор хайрли ва эзгу ишлар амалга оширилаётир. Бунга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 августдаги "Таълим муассасаларида чет тилларини ўқитишнинг сифатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 610-сонли қарори мисол бўла олади.

Маълумки, мамлакатимизда чет тилларини ўқитиш мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган. Чет тилларини ўрганиш ва ўқитишга эътибор, айниқса, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 10 декабрдаги "Чет тилларини ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилингандан кейин янада кучайди. Мазкур қарорда чет тилларини ўқитишдаги ютуқлар билан бирга, таълим стандартлари, ўқув дастурлари ва дарсликлар замон талабларига, хусусан, илғор ахборот ва медиатехнологиялардан фойдаланиш борасидаги талабга тўлиқ жавоб бермаётгани, таълим асосан замонавий усулларда олиб борилаётгани, таълим тизимининг барча босқичларида чет тилларни узлуксиз ўрганишни ташкил қилиш, шунингдек, ўқитувчилар малакасини ошириш ҳамда замонавий ўқув-услубий материаллар билан таъминлашга оид камчиликлар ҳам  кўрсатилган.

Республикамизда чет тилларини ўқиш, ўрганиш ва баҳолаш тизимининг 2012 йилдан бошланган мана шундай беш йиллик натижаси ўлароқ, юқорида таъкидлаганимиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 августдаги қарори қабул қилинган. Ушбу қарор республикамизда таълим соҳасидаги ислоҳотлар изчил давом этилаётганидан, чет тилларини мукаммал биладиган ўқувчилар, талабалар ва педагогларга имтиёзлар, малака сертификатлари бериш ҳамда уларни рағбатлантириш мақсади кўзда тутилганидан далолат беради.

Қарорга кўра, бундан кейин узлуксиз таълим тизимининг барча босқичларида ёш авлодни чет тилларига ўқитиш сифатини таъминлаш, чет тилларида эркин сўзлаша оладиган мутахассисларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, ушбу йўналишдаги ўқув дастурларининг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш мақсадида чет тилларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизими жорий этилади. Бу каби чора-тадбирларни амалга ошириш учун узлуксиз таълим тизимининг барча босқичларида чет тилларини ўзлаштириш даражасини давлат таълим стандартларида белгиланган "Тинглаб тушуниш" (Listening), "Ўқиш" (Reading), "Ёзиш" (Writing), "Гапириш" (Speaking) кўникмалари асосида баҳолаб бориш механизми ишлаб чиқилади.   

 Амалиётга татбиқ этилажак қарорнинг яна бир муҳим томони шундаки, унга кўра, чет тилларини билиш даражаси тўғрисидаги давлат намунасидаги малака сертификатига эга бўлган ўқувчи, талаба ва педагоглар чет элдаги етакчи таълим муассасаларида тил ўрганиш амалиётларида иштирок этиш бахтига мушарраф бўлади. Бундан ташқари, 2018 йил 1 январдан бошлаб малака сертификатига эга бўлган талабгорлар сертификатни қўлга киритган вақтдан эътиборан 3 йилгача қуйидаги имтиёзларга эга бўлади, яъни умумий ўрта таълим муассасалари битирувчилари, абитуриентлар ва бакалаврларга таълимнинг кейинги босқичини давом эттириш учун тест синовлари рўйхатига чет тили (инглиз, немис, француз) фани киритилган таълим муассасаларига киришда чет тили фанидан максимал балл берилади ва чет тили фанидан тест синовидан озод этилади. Шунингдек, В2 ва ундан ортиқ даражадаги малака сертификатига эга бўлган таълим муассасалари педагоглари аттестация жараёнларида максимал балл билан баҳоланади ва синовлардан озод этилади. Сертификат олиш истагини билдирган талабгорлар учун талаб ҳажмидан келиб чиққан ҳолда, ҳудудларда тизимли равишда тест синовлари ўтказилади.

Бугунги кунда барча жабҳаларда ўзбек, рус ва инглиз тилларида эркин мулоқот қила оладиган, компьютерни мукаммал биладиган илм-фан муҳандислари, илмий ходимларга эҳтиёж юқори. Шунинг учун ҳам Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида белгиланган энг асосий масалалар, кадрлар салоҳиятининг табақалаштирилган электрон манбаси ва давлат томонидан тайёрланаётган кадрлар салоҳиятига доир натижалар барча учун бир хил даражада муҳим аҳамиятга эга.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 майдаги "Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини янада ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш бўйича Республика комиссиясини тузиш тўғрисида"ги Ф-4941-сонли фармойишини халқаро таснифлаш ва баҳолаш тизимини жорий этишдаги илк катта қадам, деб қабул қилиш мумкин. Бу ишлар босқичма-босқич амалга оширилишини тақозо этади. Дастлаб миллий таълим тизимида халқаро миқёсда жорий этилиб, кейинчалик халқаро даражада тан олдиришга эришилади. Агар шундай йўл тутилса, Ўзбекистон таълим тизимидан чиқаётган кадрлар нафақат юртимизда, балки дунёдаги етакчи давлатлар томонидан тан олинади.

Бизнингча, баҳолаш тизими фақат чет тиллари учун эмас, балки барча предметлар бўйича жорий этилиши керак. Зеро, ички баҳолаш тизими, ташқи талаб, яъни таълимнинг кейинги босқичи ва бунинг иш берувчи томонидан тан олиниши жуда кўп масалаларга ойдинлик киритади ҳамда кадрлар салоҳиятини интенсив даражада оширишга олиб келади. Бундан ташқари, ҳар бир фан бўйича қўлга киритилган сертификат давлат тест маркази томонидан тан олинган сертификат мақомига эга бўлса, у ҳолда қуйидаги натижаларга эришишимиз мумкин:

 - 1 август куни ўтказилажак тестлар учун сарфланадиган катта миқдордаги давлат харажати тежалади, сертификатга эга ўқувчилар ўз йўналишлари бўйича бевосита ўқишга қабул қилинади;

- олий таълим муассасаларига ўқишга кирувчи (сертификатга эга) ўқувчилар базаси шаклланади, бунинг натижасида ҳар бир ҳудуд ва минтақадаги таълим масканларида кадрлар салоҳияти кўрсаткичлари пайдо бўла бошлайди;

- сертификат олишга интилаётган ҳар бир ўқувчи биринчи уринишда яхши натижага эга бўла олмаса, у ҳолда кейинги ўринларда давлат тест марказига пул тўлаб сертификат олади. Натижада давлат бюджетида тўғридан-тўғри инвестиция йиғилади. Тўпланаётган сармоя ҳисобига Давлат тест маркази кадрлар салоҳиятини ошириб бориши, филиалларини кенгайтиришга эришиши мумкин;

- кадрларга бўлган эҳтиёж аста-секин ўз ўрнини топа бошлайди;

- давлатимиз томонидан таълим тизимига ажратилаётган инвестициялар ўзини оқлай бошлайди;

- таълим тизимида кўп йиллардан бери ишлаб келаётган ёки энди иш бошлаётган ўқитувчиларнинг ойлик маошларини ўқувчилар эришаётган натижаларга кўра ошириб бориш ёки камайтиришга эришилади, бу эса ўқитувчилар орасида натижага ишлаш имконияти ва мотивацион дастурлар яратилишига олиб келади;

 - шу каби таълим тизимида фаолият юритаётган маъмурий ходимлар орасида ҳам таълим тизими сифатини ошириш учун мотивацион сратегиялар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш имкони пайдо бўлади;

- ҳар бир туман/вилоят/республика бўйича кадрлар қўнимсизлиги барҳам топа бошлайди.      

 Бу каби ишларни амалга ошириш учун халқаро стандартларни ҳамда унга мос объектив равишдаги баҳолаш тизимини жорий этиш, таълим тизимида ишлаётган, давлат томонидан кафолатланган ойлик олаётган мураббийлар таркибига жамоатчи ташкилотлар, жумладан, Ёшлар иттифоқи ва бошқа уюшмалардан иборат мониторинг тизими, ОАВ иштироки тақозо этилади. Бунинг учун қабул қилинажак қарорлар давлат таълим стандарти талаблари асосида, ички ва ташқи баҳолаш тизими ва сертификатлаштириш тизими, халқаро талаблар асосида қабул қилиниши мақсадга мувофиқдир. 

Феруза Рашидова,
Ўзбекистон ўқитувчилар уюшмаси.