Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Мьянма ташқи ишлар вазири ва давлат маслаҳатчиси Аун Сан Су Чжи билан ушбу мамлакатдаги мусулмонлар билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилди, деб хабар қилмоқда Anadolu ахборот агентлиги. 

Туркия давлат раҳбарининг қайд этишича, Мьянманинг Аракан вилоятидаги роҳингя мусулмонларининг ҳуқуқлари поймол этилиши бутун дунёда, айниқса Ислом давлатларида чуқур ташвиш уйғотмоқда. 

Сиёсатчилар инқирозга барҳам бериш ва ушбу минтақа аҳолисига гуманитар ёрдамларни етказишни ташкил этиш масалаларини ҳам муҳокама қилишди. 

Эрдўғаннинг таъкидлашича, Туркия терроризмнинг ҳар қандай кўринишини, шунингдек, тинч аҳолига қарши қаратилган ҳарбий амалиётларни бирдек қоралайди. Президент Мьянмадаги ҳозирги вазият гуманитар инқирозга олиб келиши мумкинлигидан хавотир билдирди. 

Унинг айтишича, расмий Анқара муаммога барҳам бериш бўйича барча чораларни қўллаб-қувватлайди, шу билан бирга, ўзаро номутаносиб куч ишлатишдан тийилишга ҳамда тинч аҳолини ҳимоя қилишга чақиради.