Италиянинг Ferrari компанияси LaFerrari супергибридининг «энг сўнгги» нусхасини намойиш қилди. Aperta модификациясидаги бу автомобиль RM Sotheby’s ким ошди савдо уйи томонидан хайрия мақсадида савдога қўйилди. Ундан тушган маблағ Save the Children («Болаларни асранг») ташкилоти ва дунёнинг турли бурчакларида таълим дастурларини ривожлантиришга йўналтирилади.

Дастлаб Италия ишлаб чиқарувчиси LaFerrari купесидан 499 та ва кузови очиқ намунасидан яна 209 та ишлаб чиқаришни режалаштирган эди. 2016 йилда суперкарнинг беш юзинчиси ишлаб чиқилди. У 7 млн доллар, оригинал гиперкар нархидан 5 марта қимматга ким ошди савдосида сотилди. Бу пуллар даҳшатли ер силкинишидан талофат кўрган Италиянинг марказий туманларини тиклаш ишларига тақдим этилди.

Ҳозирда компания LaFerrari Aperta моделидан 210 дона шлаб чиқарди. Машина учун 3 млндан 4 млн еврогача фойда кўришни режалаштиришмоқда. 

Сўнгги LaFerrari Aperta ёрқин қизил рангга бўялган. Жуфт пойга чизиқлари ва томи очиқлиги ҳам киши эътиборини тортади. Гиперкар интерьерига алькантара билан ишлов берилган ва углерод толаси элементлари билан тўлдирилган. 

LaFerrari Aperta гибрид мотори 6.3 л V12 двигатели ва электромотордан иборат. Уларнинг жами қуввати 963 от кучига тенг. Машина 3 сонияда «юз»га чиқади. 

LaFerrari суперкари қўйилган ким ошди савдоси 9 сентябрь куни Фьорано пойга трассасида бўлиб ўтади. У Феррарининг 70 йиллигига бағишланган Leggenda e Passione тадбирида ташкил этилади.