«Бу жуда кенг кўламли лойиҳа бўлади. Агар у амалга оширилса ва бутун мамлакат бўйлаб темирйўл ўтказилса, у иқтисодиётимизга кучли импульс беради ва уни 30 фоизга оширади», — деган қирғизистонлик иқтисодчи Искандар Шаршеев  CABAR.asia’га берган интервьюсида.

— Сўнгги маълумотларга кўра, Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли қурилиши бўйича музокаралар якунланиш арафасида турибди. Бу лойиҳанинг амалга оширилиши нечоғлик ҳақиқатга яқин ва у Қирғизистонга нима беради?

— Агар Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳар қандай узунликдаги, ҳар қандай кенгликдаги темир кесмасини барпо этишни уддалай олса, шунинг ўзи катта ривожланиш бўлади. Режалаштирилаётган трасса атрофидаги участкаларнинг нархи кескин кўтарилади. Агар трасса бутун мамлакатни — шимолдан жанубга қадар қамраб олса, бу Қирғизистонда экспорт ва импортнинг, асосан экспортнинг ривожланишига кучли туртки бўлади, чунки хомашё нисбатан арзон нархларда кириб келади, демакки қирғиз маҳсулотларининг рақобатбардошлиги ошади. Фикримча, бу жуда катта лойиҳа бўлади. Агар у бутун мамлакат бўйлаб ўтадими, фақат Боткен вилоятидан ўтадими — бунга қарамасдан амалга оширилса, у иқтисодиётга кучли импульс беради ва унинг 30 фоизгача ўсишига замин яратади. Бу лойиҳа иқтисодиётнинг ўсиш суръатлари ва инвестицион капиталларнинг жалб этилиши оширади.

— Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 сентябрь куни «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолади. Унга кўра, юридик ва жисмоний шахслар учун эркин конвертация жорий қилинди. Бу сиёсат қандайдир кўринишда Қирғизистон билан савдо-сотиқда ўз аксини топадими?

— Қора бозорнинг таназзулга учраши ва валюта сиёсатининг либераллаштирилиши Ўзбекистон Республикасининг базавий шарт-шароитларини бизники билан тенглаштиради. Агар Ўзбекистон бу ишга қўл урмаганида, Ўзбекистон билан савдода биз кўпроқ фойда кўрган бўлар эдик. Агар Ўзбекистонда валюта сиёсатининг эски конфигурацияси амалда бўлиб турганида қирғизистонлик экспортчи учун Ўзбекистонга маҳсулот экспорт қилиш ва уни Ўзбекистон ичида валютага алмаштиришдан амалий фойда икки баробар бўлар эди. Лекин бугунги кунда бўлаётган ўзгаришларга кўра, экспортчиларимиз учун энди бундай имконият бўлмайди. Ўзбекистон томонидан олиб қаралганда эса икки томонлама савдо-сотиқ ишларида фойда тенглашмоқда.

— Қирғизистонда иқтисодий ҳолатнинг ривожланиш прогнозлари қандай?

— Бизнес режа тузилаётганда воқеалар ривожланишининг бир неча вариантлари кўриб чиқилади. Воқеаларнинг биринчи варианти — энг ёмон ҳолатдир. Унга кўра, Россия Федерациясига нисбатан халқаро санкциялар эълон қилиниши муносабати билан вазият оғирлашиб бораверади ва бу урушга ёки РФнинг ҳолдан тойишига олиб келади. Биз эса Москванинг иттифоқчиси ва сателлити сифатида инқирозни улар билан баҳам кўришимиз лозим бўлади. Бундай сценарий ҳам юзага келиши мумкин ва шундай бўлаётгани ҳам факт.

Оптимистик сценарийга кўра, нефть нархи кескин кўтарилади ва маълум бир оптимумга етиб боради, бу эса мамлакатимиз ичида иқтисодётнинг кўплаб соҳалари таннархи аспектлари қимматлашувига сабаб бўлади, бинобарин иттифоқчиларимизнинг тўлов қобилияти ошади, биз томонимиздан реэкспорт оқими юзага келади ва республикамиз ҳудудида трансчегаравий савдо-сотиқ ўз меваларини бера бошлайди, савдо-сотиқ яхши ривожлана бошлаши орқасидан мамлакат катта ресурсларга эгалик қила бошлайди. Россия яна истеъмол қилишга ўтади. Оптимистик сценарийга кўра, Эрон, Хитой, Покистоннинг йирик, лекин ўзига алоҳида хос жиҳатлари бўлган бозорларига йўл очилади.

Оптимал прогноз шундан иборатки, узоқ вақт — ўртача 6–7 йил мобайнида йилига 7–8 фоиз атрофида инфляция бўлади, хомашё ва бошқа нарсаларнинг нархи ўсиши ва аҳоли даромадлари ўсиши 3–5 фоиз атрофида бўлади. Бу ҳолатда Хитой, Эрон, Покистон, Ўзбекистон ва Тожикистон билан секин-аста, босқичма-босқич савдо алоқалари ривожлантириб борилади. Ўзбекистонни иқтисодиётимизга фаол жалб қилиш, бизнинг ўзбек иқтисодиётидаги иштирокимиз рўй беради.