Ражастон штатидаги Удайпур шаҳри чеккасида жойлашган қишлоқда яшовчи аёллар 2,5 метрли питонни тутиб олиб, икки соат давомида уни қўриқлашди. Hindustan Times шу ҳақида хабар берди. 

Аёллардан бири оилавий далада ишлаётиб, судралиб юрувчини пайқаб қолади. Унинг қичқирган овозига бошқа қишлоқдошлари етиб келишди. Йиғилганлар илоннинг бошқа далага ўтиб кетмаслиги учун уни ҳар тарафдан ўраб олишга қарор қилишди. Бундан ташқари, улар илонга ҳеч ким тош отмаслиги ва зарар етказмаслигини назорат қилишди. 

Камида етти аёл икки соат давомида илоннинг атрофида турди, сўнгра аёллардан бирининг қариндоши келиб, Удайпурдан ёввойи ҳайвонлар билан ишловчи мутахассисни чақириб келди. Етиб келган мутахассис бу йўлбарс-питон эканини айтди. Илоннинг заҳарли эмаслигини билгач, аёллар уни ушлаб, суратга тушишди. 

Йўлбарс-питонлар Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиёда кенг тарқалган. Улар узунасига 4 метргача ўсиб, кичик туёқлилар, кемирувчилар, маймунлар ва қушлар билан озиқланади. Йириклари одамларга ҳужум қилиши ҳам мумкин.