НАТО альянсининг Неаполдаги бирлашган кучлари қароргоҳида жанубий йўналишда вазиятни таҳлил қилиш ва ахборот алмашиш мувофиқлаштирувчи маркази ўз ишини бошлади. Бу ҳақда ANSA агентлиги хабар қилмоқда.

Хабарларга кўра, янги тузилма ахборот тўплаш, алмашиш ва таҳлил қилиш, таҳдидларни баҳолаш, шунингдек, жанубий йўналишда ҳаракатларни мувофиқлаштириш билан шуғулланади. 

НАТО бош котиби Йенс Столтенбергнинг маълум қилишича, янги марказ "таҳлил қилииш ва ахборот алмашиш йўли билан минтақадаги вазият, таҳдид ва имкониятларни яхшироқ англашга имкон беради".

Бу тузилмани ташкил этиш қарори шу йилнинг февраль ойида НАТО мамлакатлари мудофаа вазирлари кенгаши йиғилишида қабул қилинган эди. Унинг фаолиятини 100 нафар мутахассис олиб боради.