Президентнинг 16.08.2017 йилдаги ПҚ–3221-сон қарори билан Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекциясининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари, тузилмаси ҳамда молиялаштириш манбалари белгиланди. Бу ҳақда Norma.uz хабар қилмоқда.
 
Давлат инспекциясининг вазифалари:

•  темир йўл транспортида ташиш хавфсизлигини таъминлаш устидан давлат назоратини амалга ошириш;
•  темир йўл транспортида фойдаланилаётган маҳсулотларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини назорат қилиш ҳамда уни сертификатлаштиришни амалга оширишни ташкил этиш;
•  тизимли асосда мулкида темир йўллар бўлган юридик шахслар ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш;
•  темир йўлда ташиш хавфсизлиги соҳасида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни амалга ошириш ва мамлакатимиз манфааатларини ифода этиш. 
 
Бундан ташқари, жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб Давлат инспекцияси маҳаллий ва халқаро йўналишлар бўйича темир йўл транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни ташиш бўйича фаолиятни лицензиялашни амалга оширади.
 
Маълумот учун: ҳозирги вақтда лицензиялар бериш тўғрисидаги қарорлар Вазирлар Маҳкамасининг Авиация ва темир йўл транспорти соҳасида фаолиятни лицензиялаш комиссияси томонидан қабул қилинмоқда.
 
Шунингдек, идоранинг тузилмасида Мулкида темир йўл бўлган юридик шахслар ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш  маркази ҳамда «Темир йўл маҳсулотларини сертификатлаштириш маркази» ДУК ва «Путур етказмайдиган назорат қилиш лабораторияси» ДУК ташкил этилди. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўл илмий-ишлаб чиқариш маркази тугатилди.
 
Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Туркистон кўчаси, 7-уй манзили бўйича жойлаштирилади.