Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Хитойнинг Сямен шаҳрида бугун Хитой, Россия, Жанубий Африка Республикаси, Бразилия, Миср, Мексика, Гвинея президентлари ҳамда Ҳиндистон ва Таиланднинг бош вазирлари иштирокида ўтаётган БРИКС давлатлари раҳбарлари саммитида чиқиш қилди, деб хабар беради Asia plus медиа гуруҳи.

Ўз чиқишида Имомали Раҳмон замонавий дунё ҳар лаҳзада янги таҳдидлар ва чақирувларга дучор бўлаётган бугунги шароитларда БРИКС давлатлари раҳбарлари саммити дунё сиёсатида муҳим ўрин тутишини таъкидлаб ўтди.

Тожикистон президенти БРИКС давлатларини 2015 йилда қабул қилинган БМТнинг барқарор ривожланиш дастурини фаол амалга оширишга чақирди.

Имомали Раҳмоннинг қайд этишича, дунёнинг ривожланаётган давлатлари, шу жумладан Тожикистон ҳам ушбу дастурни амалга ошириш учун ўзларига боғлиқ барча чораларни қўлламоқда. У БРИКС саммити қатнашувчиларига гидроэнергетика бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун ривожланаётган давлатларга кўрсатилаётган ёрдам миқдорини оширишга чорлади.

Тожикистон президенти саммит иштирокчилари эътиборини сайёрамизда иқлим ўзгариши муаммоларига ҳам қаратди.

Хитойнинг Сямен шаҳрида БРИКС (Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва ЖАР) давлатлари раҳбарлари ва таклиф этилган давлатлар етакчилари билан саммити ўтмоқда.

Хитой томони саммитда «outreach» форматида иштирок этиш учун беш давлат — Миср, Тожикистон, Мексика, Гвинея ва Таиландни таклиф этган.

Учрашув мобайнида Хитой «Жануб-Жануб ҳамкорлигига кўмаклашиш жамғармаси» орқали ривожланаётган иқтисодиётларни қўллаш учун 500 млн. АҚШ доллари ажратиши, шунингдек, миллий кадрларни ўқитиш учун 40 мингта ўрин ажратишини эълон қилди, деб хабар берди ТАСС.