АҚШ президенти Дональд Трамп Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Ин билан ўтказган мулоқоти чоғида ушбу республикага «кўп миллиардлик» қуроллар етказиб беришни маъқуллади. Бу ҳақда Оқ уй баёнотида сўз юритилган.

Оқ уй маъмуриятининг тасдиқлашича, Трамп Жанубий Кореяда жойлаштириладиган жанговар каллак вазнига доир чекловни бекор қилган. 

«Президент Трамп Жанубий Кореянинг ўз ракеталарига ўрнатиладиган жанговар юкларга қўйилган чекловларни бекор қилиш бўйича ташаббусига розилик билдирди», — дейилади хабарда. 

Президент маъмуриятининг қўшимча қилишича, «Трамп Жанубий Кореянинг АҚШдан бир неча миллиард долларлик қуроллар ва аслаҳалар олишини маъқуллади».

Икки давлат раҳбарлари КХДРнинг навбатдаги ядро синовларидан сўнг ўзаро мулоқот қилишди. Пхеньян водород бомбасини муваффақиятли синовдан ўтказганини эълон қилди.