Анқара Мьянмада мусулмонларнинг оммавий ўлдирилиши мавзусини БМТ Бош ассамблеяси даражасига олиб чиқади, деб айтди Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған. 

Эрдўған Мьянмада роҳингя мусулмонларининг ўлдирилишига бефарқлик қилаётган халқаро ҳамжамиятнинг позициясидан афсус билдирди.

Эрдўған Туркия Мьянмадаги қонли ҳодисалар масаласини энг олий даражага олиб чиқишга ваъда берди. “Биз бу масалани 19 сентябрда БМТ Бош ассамблеясида кўтармоқчимиз. Мьянма мусулмонлари ҳолатини БМТ Бош ассамблеясида иштирок этувчи давлатлар етакчилари билан муҳокама қиламиз”, деб айтган Эрдўған. 

Эрдўған, шунингдек, Ислом ҳамкорлиги ташкилотининг амалдаги раиси сифатида Мьянмадаги ҳодисаларни ташкилотга аъзо 20 га яқин давлат етакчиси билан муҳокама қилганини таъкидлаб ўтди.

Эрдўғаннинг таъкидлашича, Туркия ҳукумати ҳузуридаги фавқулодда ҳодисалар олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш бошқармаси ва Қизил яримой жамияти орқали Мьянмадаги Аракан вилоятига ёрдам жўнатилган ва жўнатилишда давом этмоқда.