АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) охирги 12 ой ичида иккинчи марта Ўзбекистон мутахассисларига Франциянинг Тулуза шаҳрига сил касаллигини аниқлашда молекуляр-генетик ташхис қўйиш GeneXpert MTB/RIF экспресс-тест усулларига бағишланган ҳалқаро семинарда қатнашиш учун имконият яратди. Семинар USAIDнинг Ўзбекистон Миллий силга қарши кураш дастурини қўллаб-қувватлаш йўлида ўтказилаётган кўплаб маълумот алмашуви фаолиятларидан бири бўлиб, у Американинг молекуляр ташхислаш ва илмий-техник ускуналар ишлаб чиқариш соҳасидаги етакчи «Сефеид» (Cepheid) компанияси тарафидан ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси ихтисослашган фтизиатрия ва пульмонология илмий амалий тиббиёт маркази қошидаги миллий референс лабораторияси, Бухоро вилоят силга қарши курашиш диспансери кошидаги регионал лаборатория мутахассислари уч кунлик семинарда қатнашдилар. Семинар давомида улар икки соатдан кам вақт ичида балғамда сил микобактерияси борлиги, силнинг тури, яъни антибиотикларга сезгир ёки чидамлилигини аниқлашга имкон берувчи GeneXpert инновацион ускунани ишлатишни ўрганишди. Ушбу юқумли, лекин давоси бор касалликни шундай тезкор аниқлаш даволаш тактикасини танлашда катта аҳамият касб этади, чунки одатдаги лаборатория тестлари ёрдамида касалликни аниқлаш уч ойгача муддат талаб қилиб, даволашни вақтида бошлашга керак бўлган қимматли вақтни йўқотилишига сабаб бўлиши мумкин.

Фото: USAID

USAID Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг Миллий силга қарши дастурни бажаришда ва аҳоли, шу жумладан унинг ижтимоий заиф гуруҳлари орасида ташҳис қўйиш, даволаш ва силнинг олдини олишнинг янада самарали ва мавжуд услубларини тадбиқ этишда қўллаб-қувватламоқда. USAIDнинг силга қарши кураш учун умумий бюджети $7.6 млн бўлган беш йиллик дастурининг асосий мақсади мамлакатда сил касаллиги оқибатларини камайтириш ва силнинг кўплаб дориларга турғун шакллари ривожланишининг олдини олишдан иборат. Дастур кенг кўламли техникавий масалаларни ва соғлиқни сақлаш соҳасининг инсоний ва институционал потенциалини ошириш, ташкилотлараро ҳамкорлик ва координацияни мустаҳкамлаш ҳамда электрон база маълумотларидан фойдаланишни кенгайтириш каби масалаларни ўз ичига олади.