ЖЧ–2018 турнирига саралаш босқичи сўнгги – 10-турида Ўзбекистон терма жамоаси Жанубий Корея футболчиларига қарши баҳс олиб боради. ЖЧ йўлланмаси ҳал бўладиган мазкур учрашув олдидан ЎФФ матбуот хизмати жамоалар ўртасидаги ўйинлар статистикаси, йўқотишлар ва учрашув расмийлари ҳақида маълумот берди.

Ўзбекистон – Жанубий Корея учрашуви бугун, 5 сентябрь куни Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтади. Беллашув маҳаллий вақт билан соат 20:00да бошланади.

Ўзаро учрашувлар

Жамоалар бугунги кунга қадар 14 учрашувда тўқнаш келган. Ўзбекистон термаси атиги 1 марта, 1994 йилги Осиё ўйинлари ярим финалида кореяликларни мағлубиятга (1:0) учратишга муваффақ бўлганди. Ўшанда жамоалар биринчи бор ўзаро рўбару келганди.

Жанубий Корея термаси 14 учрашувдан 10тасида зафар қучган бўлса, 3 ўйинда дуранг қайд этилган. Қуйида жамоалар ўртасидаги охирги 5 ўйинда қайд этилган натижалар билан танишинг.

11.09.2012  Ўзбекистон – Жанубий Корея 2:2 | ЖЧ–2014 саралаши

11.06.2013  Жанубий Корея – Ўзбекистон 1:0 |  ЖЧ–2014 саралаши

22.01.2015  Жанубий Корея – Ўзбекистон 2:0 | Осиё Кубоги–2015, чорак финал

27.03.2015  Жанубий Корея – Ўзбекистон 1:1 | Ўртоқлик ўйини

15.11.2016  Жанубий Корея – Ўзбекистон 2:1 | ЖЧ–2018 саралаши

Жамоалар ўртасидаги сўнгги баҳсда Жанубий Корея ЖЧ–2018 саралаши доирасида ўз майдонида Ўзбекистонни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратганди.

Йўқотишлар

Ўзбекистон терма жамоаси сафида Марат Бикмаев бўлажак ўйинда майдонга туша олмайди. “Локомотив” аъзосининг сариқ карточкалари тўпланиб қолгани боис у дисквалификацияга учради.

Жанубий Корея термаси сафида катта эҳтимол билан “Суонси” ярим ҳимоячиси Ки Сон Ён майдонга туша олмайди. 28 ёшли футболчи жароҳатидан бутунлай тикланиб улгурмаган. 

Учрашув расмийлари

Сингапурлик Муҳаммад Тақи ал-Жаафари бин Жаҳари учрашув бош ҳаками бўлиб ишлайди. Унга қанотларда ҳамюртлари Тзу Лианг Ли ва Мин Киат Ронни Ко ёрдам беради. Тўртинчи ҳакам вазифасини Ху Чуан Фу бажаради.

Ҳакамлар назоратчиси этиб баҳрайнлик Жасим Муҳаммад Маҳмуд Абдулкарим тайинланди. Учрашув комиссари – Салмон Муҳаммад Намшан (Саудия Арабистони).

Гуруҳдаги вазият

ЖЧ–2018 турнирига саралаш босқичи 9-туридан кейин ЖЧга йўлланма олган Эрон ҳисобида 21 очко мавжуд. Иккинчи поғонада бораётган Жанубий Корея ҳисобида 14 очко бор. Сурия 12 очко ва +1 кўрсаткич билан учинчи ўридан жой олди. Ўзбекистон термаси 12 очко ва -1 тўплар нисбати билан 4-ўринда бормоқда. Гуруҳда 5–6 ўринларни мос равишда Хитой (9 очко) ва Қатар (7 очко) эгаллаган.

“А” гуруҳи 10-турнинг қолган ўйинлари

Юқорида таъкидланганидек, саралаш босқичининг сўнгги турида Ўзбекистон термаси ўз майдонида Жанубий Кореяни қабул қилади. Қатар ўз уйида Хитойга қарши баҳс олиб борса, Сурия Теҳронда Эрон билан куч синашади. Барча ўйинлар бир вақтда бошланади.

ЖЧ–2018 саралаши
“А” гуруҳи, 10-тур

20:00 Ўзбекистон – Жанубий Корея 
20:00 Қатар – Хитой 
20:00 Эрон – Сурия

Изоҳ: Учрашув соатлари Тошкент вақти билан кўрсатилган