АҚШнинг Аризона штатида АҚШ Миллий гвардиясига тегишли F-16 қирувчи самолёти фалокатга учради. Бу ҳақда Миллий гвардиянинг Facebook’даги расмий сайтида маълум қилинди.   

Маълум қилинишича, воқеа Саффорд шаҳридан 32 км узоқликда юз берган. Учувчи тақдири ҳозирча номаълумлигича қолмоқда, воқеа жойида қутқарув операцияси ўтказилмоқда.

Воқеани тергов қилиш учун АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг махсус комиссияси чақиртирилган. 

F-16 Fighting Falcon самолёти АҚШ армиясига 1980-йиллардан етказиб берила бошланган. АҚШ армияси қуролланишида бу турдаги қирувчи самолётнинг турли модификациясидан мингдан кўпроқ бор. Бундан ташқари, ушбу самолёт 25 дан кўпроқ давлатга етказиб берилган. Турли маълумотларга кўра, самолёт нархи 30 млн доллардан ошади.