9 сентябрь куни Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳридаги муҳташам”Бунёдкор” стадионида микс-филат бўйича Asian Fight-2017 халқаро мусобақаси бўлиб ўтиши ҳақида хабар берилган эди. 9 нафар спорт усталаримиз иштирокидаги турнирнинг фахрий меҳмонлари сифатида дунёга машҳур актёр ва жанг санъати устаси Жан Клод Ван Дамм ҳамда спорт устаси Жеф Монсон келиши айтилган, Ван Дамнинг Ванкувердан йўллаган видеосаломи ижтимоий тармоқларда оммалашиб кетган эди. 

Аммо, 6 сентябрь куни Ўзбекистон Пенчак-Силат федерацияси матбуот хизмати томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинишича, Ван Дамм оғир бетоб бўлиб қолганлиги сабабли Ўзбекистонга кела олмаслигини 5 сентябрь куни маълум қилган ва ташрифни қолдирган. 

Ташкилотчиларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида Ван Даммнинг ўрнига Ҳолливуд жангари фильмларининг яна бир юлдузи, миллионлаб кино ва спорт мухлисларининг севимли актёри ва спортчиси, жанг санъати устаси Стивен Сигал ташриф буюради. 

Ўзбекистон Пенчак-Силат федерацияси матбуот котиби Жеф Монсоннинг ташрифига ҳам ойдинлик киритиб, Ван Дамм билан имзоланган битим шартларидан бирига мувофиқ, Жеф Монсоннинг келиши ҳам белгилангани, Ван Дамм билан келишув амалга ошмаганлиги сабабли, федерация ташаббуси билан Жеф Монсон билан келишув бузилганини маълум қилди. 

У, шунингдек, ушбу спорт тури мухлисларидан ўзларига боғлиқ бўлмаган ноқулайлик учун узр сўраган ҳолда, Ван Дамм ҳамда Жеф Монсон келиши муносабати билан чипта харид қилганлар, мабодо чипталарни қайтаришни хоҳлашса, сўзсиз қайтариб олинишини билдирди. 

Матбуот анжуманида иштирок этган уч карра жаҳон чемпиони Маҳмуд Муродов ва жаҳон чемпионати совриндори Муҳаммадали Тоштурғуновлар эса, Пенчак-Силат, микс-силат ишқибозларини “Бунёдкор” стадионига таклиф қилиб, асосийси фахрий меҳмонларнинг келиш-келмаслиги ёки уларнинг кимлигида эмас, балки рингга ўзбек ўғлонлари юрт байроғини яна бир бор юқори кўтариш учун чиқаётганларида эканини қайд этишди