Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифи доирасида, 2017 йилнинг 5 сентябрь куни Бишкекда қирғиз-ўзбек бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Бизнес-форум ишида Ўзбекистондан 20дан ортиқ ва Қирғизистондан 40дан ошиқ компаниялар иштирок этди.

Ўзбекистондан Ташқи савдо вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси вакиллари ҳам келган.

Қирғизистон Савдо-саноат палатаси президенти Марат Шаршекеевнинг таъкидлашича, икки давлатда савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун иқтисодий имкониятлар ва барча шароитлар бор.

«2017 йилнинг биринчи ярим йиллигида икки давлат ўртасидаги товар айланмаси икки баробарга ошди, ҳамда биз бу рақам йил охирига келиб 280 млн.ни ташкил этишини кутмоқдамиз. Ўзбекистон томонининг биринчи шундай ўзига хос амалий ташрифи савдо-иқтисодий муносабатларнинг янги босқичини бошлаб беради», - деган Шаршекеев.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов шундай деди: «Биз бугунги Бизнес-мулоқотнинг ҳар бир ишбилармон-иштирокчисига эҳтимолий шерикни излаб топишда ёрдам берамиз. Ўзбекистон бизнеси Қирғизистондан бўлган ҳамкасблар билан ҳамкорликка очиқ».

«Биз кон-руда корхоналари маҳсулотларини импорт қилиш, қандолат маҳсулотлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, маиший техникани ишлаб чиқариш, автомобиль шиналарини қайта ишлаш бўйича қўшма корхоналар ташкил этишга тайёрмиз. Ўзбекистон Стратегиясида қўйилган вазифалардан бири – Қирғизистон билан товар айланмасини йилига 500 млн долларга қадар ошириш, ҳамда бунга эришиш мумкин, деб ўйлайман», - дея қўшимча қилди у.