Тест натижалари эълон қилингандан кейин, таҳририятимизга абитуриентлар номидан кўплаб саволлар келиб тушмоқда. Шундай саволларнинг аксарият қисмини таҳлил қилганимизда, бир неча абитуриент етарли балл тўпласа ҳам талабаликка тавсия этилмаганидан ҳайронлиги акс этган мурожаатларга гувоҳ бўлдик.

Нега талаба бўлишмади?

Жорий йилнинг 5 май куни «2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида»ги Президент қарорига асосан Ўзбекистон Республикасининг тиббиёт олий таълим муассасалари бакалавриатига давлат грантлари асосида мақсадли қабул эълон қилинган эди. Кейинчалик бундай мақсадли квота республикамиздаги қишлоқ хўжалиги йўналишларига ҳам ажратилди.

Мақсадли қабул квотасида вилоятлар кесимида давлат гранти учун жой ажратилди ҳамда ўша вилоятда доимий яшайдиган ва ўша вилоятда ўрта махсус таълимни олган абитуриентлар ҳужжат топшира олиши белгиланди.

Бизга келган маълумотларга кўра, тест жавоблари чиққанда мақсадли қабул доирасида ҳозирча тушунарсиз бўлган айрим қарорлар эълон қилинган.

Масалан, Тошкент тиббиёт академиясининг Олий ҳамширалик иши йўналишининг рус гуруҳига Наманган вилояти ҳудуди бўйича 2та мақсадли ўрин ажратилган бўлиб, унга 2 нафар абитуриент ҳужжат топширган. Демак, уларнинг бошқа рақобатчиси бўлмаган.

Бироқ тест натижалари эълон қилинганда, бир нафар абитуриент 131,4 балл тўплаган ҳолда талабаликка тавсия этилган, иккинчи абитуриент эса 73,3 балл тўплаган ҳолда талабаликка тавсия этилмаган.

Шунингдек, Самарқанд қишлоқ хўжалик институтининг Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш ва дастлабки ишлаш технологияси йўналишида Хоразм вилояти учун 2та мақсадли квота ажратилган бўлиб, унга 5 нафар абитуриент ҳужжат топширган. Бироқ якунда беш абитуриент ҳам талабаликка тавсия этилмаган. Уларнинг 4 нафари 68 баллдан паст балл тўплаган бўлса, бир нафар абитуриент 72,9 балл тўплаган. Гарчи 68 баллдан юқори тўплаган бўлишига қарамасдан, у ҳам чизиқдан пастда турибди.

Бундай ҳолат яна худди шу Самарқанд қишлоқ хўжалик институтининг Қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш йўналишида ҳам кузатилган. Мазкур йўналишда Жиззах вилояти учун 5та мақсадли квота ажратилган бўлиб, унга 13 нафар абитуриент ҳужжат топширган эди. Якунда Жиззах вилоятидан 4 нафар абитуриент талабаликка тавсия этилган, 74,2 балл тўплаб 5-ўринда қайд этилган абитуриент эса нима учундир чизиқдан пастда қолиб кетган. Бундай мисолларни яна давом эттириш мумкин.


Нега бундай бўлиши мумкин?

10 август куни сайтимизда ОТМларга ҳужжат топширган 64 нафар абитуриентнинг рақобатчиси йўқлиги ва улар Давлат тест маркази вакили берган маълумотга кўра, 68 баллдан (максимал баллнинг 30 фоизи) кўп тўпласа, давлат гранти асосида қабул қилиниши ҳақида маълумот берилган эди. Бундай қоида бирорта раҳбарий Низомларда белгиланмаган, лекин ҳар йили ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг баённомаси билан шундай минимум чизиқ тасдиқланиши қайд этилганди.

Бироқ Давлат тест маркази вакили ўшанда катта эҳтимол билан тўлов-контракт учун ўрнатилган минимум талаб ҳақида маълумот берган. Биз юқорида тилга олган ҳолатларда эса абитуриентлар давлат гранти доирасидаги ўринга даъвогар эди. Бундан хулоса қилиш мумкинки, Давлат комиссияси абитуриентларни давлат гранти учун қабул қилишда бошқачароқ минимум ўрнатган бўлиши мумкин.

Бизнинг тахминимиз эса, бундай минимум – 75 балл (33 фоиз) бўлса керак. Сабаби юқоридаги 3 ҳолатда ҳам абитуриентлар 68 баллдан юқори, лекин 75 баллдан паст тўплашган (74,2 - 73,3 - 72,9).

Вазиятни ўрганиш давомида ўтган йилги барча ўтиш балларини таҳлил қилиб чиқдик. Маълум бўлишича, 2016 йили ўтказилган тест натижасига кўра, давлат гранти учун энг паст ўтиш кўрсаткичи Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг Фойдали қазилма конлари геологияси, қидирув ва разведкаси (кон турлари бўйича) йўналишида қайд этилган. Унда 75,7 балл тўплаган абитуриент давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинган.

Бундан бирламчи хулосага келиш мумкинки, 75 баллдан кам тўплаган абитуриентлар давлат гранти асосида талабаликка тавсия этилмайди.


Айрим саволларга ким жавоб беради?

Мазкур ҳолатни таҳлил қила туриб, бизда айрим саволлар туғилди ва бунга тегишли жавоб олинса, масалани ойдинлаштиришга ёрдам берган бўлар эди.

Биринчидан, Давлат комиссиясининг баёни билан белгиланадиган бундай минимум талаблар нима учун олдиндан очиқ ва шаффоф тарзда эълон қилинмайди? Ахир абитуриентларга бу ҳақида тушунтириш бериш, уларни олдиндан огоҳлантириш тўғри эмасми? Абитуриентлар камида неча балл олса, талабаликка қабул қилинишини билса, шунга яраша тайёргарлик кўрар эдику? Афсуски Давлат тест маркази ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг сайтларида бу борада биронта маълумот топа олмадик.

Иккинчидан, нима учун бундай минимум чизиқ раҳбарий низомларда, масалан, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сонли қарори билан тасдиқланган ОТМларга ўқишга қабул қилишни тартибга солувчи Низомида акс этмаган. Биздаги маълумотларга кўра, бундай минимум талаб тест натижалари чиққандан кейин қабул қилинадиган Давлат комиссияси баёни билан белгиланади. Бундай ҳолатда абитуриентларнинг тақдирига бевосита алоқадор бўлган муҳим қоида Вазирлар Маҳкамасининг низомида акс этиши тўғри бўлмайдими? Ҳозир абитуриентлар орасида ҳақли савол туғиляпти, нима учун Низомда минимум балл ҳақида, қайсидир абитуриент нечадир баллдан кам тўпласа, ўқишга қабул қилинмаслиги ҳақида ҳеч қандай қоида йўқ бўлса-да, биз талаба бўла олмадик?

Учинчидан, Давлат комиссиясининг баёни қай даражада юридик кучга эга? У норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланмайди, Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказилмайди, расман эълон қилинмайди.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунининг 28-моддасига биноан, норматив-ҳуқуқий ҳужжат баён тарзида расмий эълон қилинишига йўл қўйилмайди. Бундан ташқари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар расмий нашрларда эълон қилингандан кейингина кучга киради.

 

Танганинг бошқа томони ҳам бор

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 майдаги «2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида»ги қарорининг 4-бандига биноан, Давлат комиссиясига қуйидаги ҳуқуқлар берилганини кўришимиз мумкин:

  • бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича олий таълим муассасаларига ўқишга кириш чоғида абитуриентлар тўплаган балларнинг рейтинг баҳосини ҳисобга олган ҳолда олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратураси қабул параметрларига ўзгартиришлар киритиш;
  • янги йўналишлар ва мутахассисликларни киритиш учун бакалавриат ва магистратуранинг қабул квоталарига ўзгартиришлар киритиш;
  • иқтисодиёт тармоқлари, жумладан республиканинг олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлари учун мутахассисларга бўлган ўринли эҳтиёжларни қондириш мақсадида олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратурасига тегишли тармоқлар ва ҳудудлар бўйича мақсадли қабул кўрсаткичларини белгилаш.

Кўриб турганингиздек, Давлат комиссиясига Президент қарори асосида абитуриентлар тўплаган балларнинг рейтинг баҳосини ҳисобга олган ҳолда олий таълим муассасаларининг қабул параметрларига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилган. Айнан ушбу қоида сабабли Давлат комиссиясининг баёнига қонуний тус берилиши мумкин. Чунки биз кўтариб чиқаётган вазиятда Давлат комиссияси баёни билан қабул параметрларига ўзгартириш киритилган, яъни камайтирилган.

Шундай бўлсада, мазкур банд юқорида берилган учта саволга тўлақонли жавоб бўла олмайди.

 

KUN.UZ таҳририяти таклифи

Хорижий тажрибадан келиб чиқсак, айрим давлатларда, хусусан, Японияда имтиҳонларда талабаларнинг сонига эмас, сифатига чеклов белгилаш амалиёти мавжуд. Яъни улар турли даражадаги имтиҳонларда қабул квотаси белгиламайди, аксинча талабаларнинг билимига минимум чеклов қўяди. Масалан, қайсидир имтиҳонда умумий баллнинг камида 60% ини тўплаш вазифаси белгиланади. Ушбу минимум чекловдан 100 киши ўтса, 100 кишини ўқитади, ушбу чекловдан 1 киши ўтса, 1 кишини.

Аслида, бизда ҳам айрим таълим соҳаларида секин-асталик билан сонга эмас, сифатга чегара белгилаш тизимига ўтиш вақти келмадимикин?

Юқорида баён этилган масала юзасидан умумий хулоса шундаки, бюджетга ҳеч бўлмаса умумий баллнинг 33%ини тўплай олган абитуриентларни қабул қилиш нотўғри қарор эмас, аксинча бундай минимум баллни анча кўтариш ҳам керакдир. Халқнинг пули ҳақиқатда билимли ёшларга сарфланишининг тарафдоримиз.

Бироқ шундай бўлсада, ушбу қоидани тўлақонли ҳуқуқий кўринишга келтиришни таклиф этамиз. Яъни Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Низомга минимум чеклов ҳақида қатъий қоида киритиш ва буни ҳаммага оммавий эълон қилиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

 

Ш.Шокиржонов тайёрлади.