Январь ойи бошида Финляндияда дунёда биринчи марта мамлакат даражасида шартсиз даромад киритишга доир  тажрибага старт берилди: 2 минг киши ҳар ой 560 евродан олмоқда. Улар ҳатто иш топган тақдирда ҳам бу пуллардан маҳрум бўлишмайди - асосий даромад тажриба иштирокчилари ҳар қандай шароитда ҳам ҳеч бўлмаганда минимал миқдордаги пулларни олишларини кафолатлайди. Meduza нашри Финляндиядаги асосий даромад лойиҳаси ташаббускорларидан бири Олли Кангас билан суҳбатлашиб, шу ҳақида маълумот берди. 

"Таъкидлаш жоизки, ҳукуматнинг ўзи бу тажрибанинг амалга оширилишига хоҳиш билдирди, бу ҳукумат ғояси эди. Ҳукумат вакиллари асосий даромад киритиш йўли орқали ислоҳот ўтказиш мумкин ёки мумкин эмаслиги, асосий даромад баъзи муаммоларни бартараф этиш калити бўла оладими ёки йўқ - шуни аниқлашмоқчи. 

Муаммолардан бири шундаки, баъзи ҳолатларда ижтимоий таъминот тизими бандликни рағбатлантиришга қарши ишламоқда. Бошқача қилиб айтганда, ижтимоий таъминотга умид қилган одам ишлаган одамга нисбатан яхши пул топмоқда. Ишсизлик нафақасига кун кўрувчи инсон иш унинг даромад даражасига ҳеч қандай янгилик олиб кирмаслигини тушунади. Айнан шунинг учун биз асосий даромад бундай қопқонлардан халос бўлишга уринса, қандай бўларкин деб ўйлаб қолдик. 

Биз кўплаб микросимуляциялар ўтказдик, уларнинг асосий хулосаси - асосий даромад ечим бўла олади. Ушбу микросимуляциялар ҳукуматга бир неча тавсия бериш имконини яратди ва расмийлар тажриба кўламини  кенгайтиришга қизиқиш билдиришди. Микросимуляциялар одамларнинг хатти-ҳаракатлари ва турли ташқи омилларни ҳисобга олмайди", - дейди Олли Кангас.

Унинг сўзларига кўра, ҳукумат тажрибага 20 миллион евро ажратган ва унинг 2017 ҳамда 2018 йилларда ҳам ўтказилишини маълум қилган. Ҳукумат барчаси 2017 йилда бошланишини талаб қилган, бироқ бунинг учун дастлаб қонунчилик базаси керак бўлади. Қонун қабул қилиш эса вақт талаб қилади - у барча қўмиталарни айланиб чиқиши керак: Ижтимоий ҳимоя қўмитаси, Бандликка кўмаклашиш қўмитаси, Миллий иқтисодиёт қўмитаси ва биринчи навбатда, Конституцион қўмита. Айнан охирги қўмитанинг лойиҳани тасдиқлаши қийин кечган, зеро Финляндия конституциясига кўра, барчага бирдек муносабатда бўлиш кераклиги қайд этилган, бундай тажриба эса одамларни тоифаларга ажратади. 

Мутахассис тажрибанинг ижобий жиҳатларидан бири сифатида унинг бутун мамлакат бўйлаб ўтказилаётганини таъкидлади. Агар тажриба фақатгина бир ҳудуд миқёсида амалга оширилганида эди, у ташқи ўзгаришлардан суғурталанмаган бўларди. 

Олли Кангас тажриба иштирокчилари қай усулда танлангани борасидаги саволга қуйидагича жавоб берди: 

"Бу мутлақо тасодифий танлов. Бизда Kela'дан пул оладиган одамлар рўйхати бор эди (ишсизлик нафақаси бўйича тўловлар). Ундан тасодифий рақамлар усули билан иштирокчиларни танлаб оламиз". 

Шунингдек мутахассис ҳозирча тажрибани муваффақиятли деб топаётганини маълум қилган.