Флорида штати губернатори Рик Скотт «Ирма» довули яқинлашаётгани туфайли миллий гвардия сафарбар қилингани ҳақида маълум қилди, деб хабар бермоқда РИА «Новости» губернатор баёнотига асосан.

«Бугун мен штат миллий гвардиясининг авиация ва қуруқликдаги қўшинлари 100 ҳарбий хизматчисини жалб этдим, бу «Ирма» довулига тайёргарлик кўришда ёрдам кўрсатиш мақсадида қилинди. Менинг қароримга кўра, улар бутун штат бўйлаб жойлаштирилади. Миллий гвардиянинг барча етти минг ҳарбий хизматчиси жума куни хизматга чиқиши ҳақида топшириқ бердим», - дейилади баёнотда.

Аввалроқ «Ирма» довулида шамол тезлиги ақлбовар қилмас даражага етгани хабар қилинганди.