Президентнинг 29.08.2017 йилдаги ПҚ-3246-сон “Кимё саноати ташкилотларининг экспорт-импорт фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.

«Ўзкимёсаноат» АЖ тизимида экспорт-импорт операциялари бўйича ягона агент - «Ўзкимёимпэкс» МЧЖ ташкил этилди (манзили: Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 38-уй).

2017 йил 1 октябрдан эътиборан ушбу компания орқали «Ўзкимёсаноат» АЖ ташкилотларининг кимёвий маҳсулотлари экспорт қилинади (бундан ҳақ тўланган контрактлар бўйича мажбуриятларни бажариш мустасно). Шунингдек, бу «Максам-Чирчиқ» АЖ, «Аммофос-Максам» АЖ ва «Электрохимзавод» АЖга Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган маҳсулотларни экспорт қилиш ҳажмлари қисмида ва хорижий акциядорлар билан келишган ҳолда бошқа ҳажмларга дахл қилади.

«Ўзкимёсаноат» АЖ ташкилотларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар, хом ашё ва материалларни импорт қилиш 2018 йил 1 январдан бошлаб «Ўзкимёимпэкс» МЧЖ орқали амалга оширилади. Бундан ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун қимматбаҳо металлар бўйича операциялар истисно қилинади.

Бунда «Ўзкимёимпэкс» МЧЖга:

•  маҳсулотларни экспорт қилиш ва маҳсулотларни «Ўзкимёимпэкс» МЧЖнинг хориждаги савдо уйлари манзилига воситачилик шартномалари асосида етказиб бериш учун;
•  «Ўзкимёсаноат» АЖ ташкилотлари буюртмалари асосида ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун хорижда асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар, хом ашё ва материалларни харид қилиш учун тўғридан-тўғри контрактлар (шартномалар) тузишга рухсат берилди.

Бунда «Ўзкимёимпэкс» МЧЖнинг экспорт қилишда воситачилик миқдори контракт (шартнома) қийматининг 2%ини, импортда эса 1%ини ташкил этади.
 
Янги компанияга ва ишлаб чиқарувчи ташкилотларга хорижий валютага ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларни, шу жумладан марказлашмаган етказиб бериш бўйича экспорт қилаётган корхоналар учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган солиқ имтиёзлари ва преференциялари татбиқ этилди.