Ўзбекистон ва Қирғизистон Республикалари Президентлари Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбоев 5 сентябрь куни «Давлат чегаралари тўғрисида»ги ҳужжатни имзолагани ҳақида хабар берилган эди. Атамбоевнинг сўзларига кўра, ўзбек-қирғиз чегарасининг 85 фоизи аниқлаб бўлинган. 

«Давлат чегаралари тўғрисидаги шартнома – сиёсий ирода ва келишувдир. Келишиш мумкин экан-ку. Биз тарихни тиклаяпмиз. Айтматов бекорга бу ҳақда гапирмаган. Тарих тиклангани билан сизни ҳам, ўзимни ҳам табриклайман. Айрим қалтис масалалар юзасидан Алмазбек Шаршенович билан келишиб олдик. Шу сабабли, уларда ҳал қилинадиган нарса қолмади. Биз мазкур учрашувга муҳим аҳамият берамиз. Ҳозир одамлар: «Наҳотки, биз авваллари бўлгани каби Андижон ва Ўшга бориб-келамиз?», деб савол бермоқда. Ўзим учун айтсам, мен буни жуда хоҳлайман. Биз одамлар учрашишлари ва савдо қилишлари учун барча нарсани қилишга тайёрмиз. Асосийси, халақит қилмаслик. Имконимиз бўлса ёрдам берайлик, аммо халақит қилмаслигимиз керак», - деган Шавкат Мирзиёев 5 сентябрь кунги кенгайтирилган мажлисда. 

«Бу, биринчи навбатда, доимо дўстим ва биродарим деб атайдиган Шавкат Миромоновичнинг улкан хизматидир, - дея изоҳ берган Алмазбек Атамбоев. – Биз қачонлардир ягона давлат - Қўқон хонлиги эдик. 1991 йилгача чегаралар бўлмаган. Аммо кейин бу катта муаммога айланди ва ҳатто Фарғона водийси учун фожиа бўлди. Албатта, жуда кўплаб муаммолар бўлди, баъзилари сунъий, айримлари ташқи кучлар томонидан уюштирилди. Бироқ ҳаммасини ҳал қилиш мумкин бўлди. Тор доирадаги музокараларда биз барча масалалар бўйича ўзаро тушунишга эришдик ва мен Ўзбекистонга таклифни қабул қилдим».

Шавкат Мирзиёевнинг фикрича, ОАВ ушбу тарихий кун ҳақида бонг уриши керак. «Биз имкон қадар бу кун келишини тезлаштирдик. Биз ўзаро ишончли ва очиқ суҳбат қурдик. Кўп нарсаларни ҳал этдик. Бугун хоҳиш-истак бўлгани учун кўп нарсага эришдик. Биз тарихимиз ва келажагимизни тиклаяпмиз. Мен сизни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга таклиф қиламан», - дея ўз таклифини такрорлаган Мирзиёев.

Унинг ваъда қилишича, томонлар қисқа муддатда чегаранинг қолган 15 фоизини ҳам аниқлаб олади, энг жиддий масалаларни ҳал этади. 

Ўзбекистон Президенти сувдан фойдаланиш ва ГЭС қурилиши масаласига ҳам алоҳида тўхталди. «Атамбоев айтдики, Ўзбекистон иштирокисиз бирорта ҳам ГЭС барпо этилмайди. Биз биргаликда Қамбар ота ГЭСини барпо этамиз, молиявий ва бошқа масалаларда ёрдам берамиз. У бизга зарур ва керак», - деб қўшимча қилган Мирзиёев.