Шу йилнинг 29 августида Самарқанд вилоятидаги Имом ал Бухорий зиёратгоҳида нафис кўринишда тайёрланган Қуръони Карим китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. У Озарбойжоннинг Нахичеван мухтор республикаси Олий Мажлиси раиси Васиф Толибов томонидан туҳфа этилган. 

Тантанали тадбирда Озарбойжоннинг Ўзбекистондаги элчиси Гусейн Гулиев, Имом ал Бухорий мажмуаси раҳбари Илҳом Рамазонов, АННА вице-президенти Иса Габиббейли, АННА қўлёзмалар институти директори Теймур Керимли, Озарбойжон элчихонаси маслаҳатчиси Моҳир Гажиев, элчихона ҳузуридаги Гейдар Алиев номидаги Озарбойжон Маданият маркази директори Самир Аббосов, Самарқанд вилоятидаги Озарбойжон жамоатчилиги раҳбари Одилоға Мирзаев ҳамда Самарқанд вилояти ижро ҳокимияти вакиллари қатнашдилар. 

Анжуманни Озарбойжоннинг Ўзбекистондаги элчиси Гусейн Гулиев кириш сўзи билан очди. У икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар хусусида сўз юритди. Унинг қайд этишича, икки давлат халқлари тарихий илдизлар, маданият, ягона динга эга. Асрлар давомида икки халқ ўртасида дўстона муносабатлар ҳукм суради. Унинг маълум қилишича, Озарбойжон давлати ҳам дин ҳақида қайғуради, мамлакатда динлараро мулоқотга ҳисса қўшилмоқда. 

Фото: Озарбойжон Маданият маркази 

Дипломатнинг таъкидлашича, жорий йил июль ойида Озарбойжон Нахичеван мухтор республикаси Олий Мажлиси раиси Васиф Толибов Самарқанддаги Имом ал Бухорий зиёратгоҳида бўлиб, турли давлатлар раҳбарлари томонидан ҳадя этилган «Қуръон» китоблари музейини томоша қилган. Шундан сўнг, Толибов ҳам Озарбойжондан муқаддас «Қуръон» китобини юборишга қарор қилган. 

Ундан сўнг сўзга чиққан АННА вице-президенти, академик Иса Габиббейли 2017 йил Озарбойжон республикаси президенти жаноб Илҳом Алиев томонидан мамлакатда «Ислом бирдамлиги» йили деб номланганини айтар экан, бу йил мамлакатда «Ислом бирдамлиги ўйинлари» бўлиб ўтганини ёдга олди. Унинг уқдиришича, Озарбойжон ҳар доим дўстлик ва ҳамкорликка интилиб келган. Академик тадбир аҳамиятига тўхталар экан, Озабойжондаги Ислом қадриятлари сақланиб қолгани ва давлатнинг бу борадаги сиёсатига ҳам эътибор қаратди. 

Фото: Озарбойжон Маданият маркази 

Имом ал Бухорий зиёратгоҳ мажмуаси раҳбари Илҳом Рамазонов мажмуа ҳақида батафсил маълумот бериб, Озарбойжон томони ташаббусини юқори баҳолади. У Ўзбекистон ва Озарбойжон дўстлиги ҳақида сўз юритиб, алоқаларнинг юқори даражасига эришишда икки давлат раҳбарларининг ўрни беқиёслигини қайд этди. У нафис «Қуръони Карим» китоби учун Озарбойжонга ва Нахичеван мухтор республикаси Олий Мажлиси раиси Васиф Толибовга миннатдорлик билдириб, у ҳар доим Музейда намойиш этилишини таъкидлади. 

Шундан сўнг Озарбойжоннинг Ўзбекистондаги элчиси Гусейн Гулиев муқаддас Китобни Имом ал Бухорий мажмуаси раҳбари Илҳом Рамазоновга тақдим этди. 

Ўзбекистон ҳукумати ал Бухорийнинг Самарқанд вилояти Ҳартанг қишлоғидаги қабри атрофини ободонлаштириш доирасида йирик масжид, музей, мадраса барпо этиб, зиёратгоҳ мажмуасини фойдаланишга топширди. 

Фото: Озарбойжон Маданият маркази 

Айни вақтда ҳар йили ушбу зиёратгоҳда дунёнинг турли мамлакатларидан юз минглаб сайёҳлар ташриф буюради.