Япониянинг автомобиль ишлаб чиқарувчи Nissan компаниясининг Британиядаги бўлими 5 сентябрь куни ўз Twitter'ида янги электрокар тақдимотига доир твит қолдириб, унга адашиб nissan.com/nissan сайти ҳаволасини жойлади (мақола чиққунига қадар бу ҳавола ўчирилган).

Бироқ гап шундаки, ушбу ҳавола компания сайтига эмас, кесилган логотипли Nissan саҳифасига ҳавола берган. 

Мазкур сайт 1994 йилдан бери Nissan домени туфайли компания билан судлашган америкалик Узи Ниссануга тегишли. Ниссан ўз сайтида авто ишлаб чиқарувчи ва ўзининг «Nissan Computer» компанияси ўртасидаги суд можаролари ҳақида маълумот берган. 

Фото: jalopnik.com

Узи Ниссан «Nissan Computer» компаниясига 1991 йилда асос солган. 1994 йилда у nissan.com доменини рўйхатдан ўтказган. Бир йилдан кейин япон компанияси ўз сайтини очишга қарор қилган ва домен банд эканини аниқлаган. 1999 йилда авто ишлаб чиқарувчи Ниссандан 10 миллион доллар ундириш сўралган даъво аризасини ёзган. Nissan Ниссанни киберсквоттингда айблаган - америкалик ўз сайтида реклама баннерларини жойлаштириб, бундан даромад олган. 

Суд можароси 2007 йилда Узи Ниссан фойдасига ҳал бўлди. У ўз сайтининг автомобилларга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини исботлашга муваффақ бўлган. Суд доменни унга қолдирди.