Изчиллик билан амалга оширилаётган кучли ижтимоий сиёсат натижасида аҳолининг фаровонлиги ошди ва кишиларнинг турмуш сифати яхшиланди, бу эса кейинги 25 йил мобайнида ўртача умр кўриш давомийлиги 67 ёшдан 73,5 ёшга, шу жумладан эркаклар — 66 ёшдан 71 ёшгача, аёлларнинг ўртача умр кўриш давомийлиги эса 70 ёшдан 75,8 ёшгача ортишига имконият яратди. Халқаро Пресс-клубнинг навбатдаги анжуманида шу ҳақида маълумот берилди. 

Тадбирда маълум қилинишича, қуйидагилар жамоат ташкилоти ҳисобланган Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамоат бирлашмаси шаклидаги "Нуроний" жамғармасининг асосий вазифалари ҳисобланади:

- фахрийларнинг Ўзбекистонни янгилаш ва ривожлантиришнинг маънавий-ахлоқий негизларини мустаҳкамлашда мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш ва уларни ижтимоий фаолиятга жалб этиш;

- кексалар ҳаёти даражасини ошириш, улар учун назарда тутилган пенсиялар ва имтиёзлар бўйича қонун ҳужжатлари қоидалари ижроси устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш, эҳтиёжманд кексаларни ва аҳолининг бошқа қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва тиббий ёрдам билан таъминлаш, ушбу мақсадларда ишлаб чиқариш, тижорат, ноширлик, хайрия тадбирларини ва бошқа тадбирларни амалга ошириш;

- фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда оилаларда тинчлик ва хотиржамликни таъминлаш;

- кексалар учун уларнинг ёшини ҳисобга олган ҳолда турли ижтимоий-маданий тадбирлар, телемарафонлар, махсус спорт мусобақалари, кекса ёзувчилар, артистлар, хонандалар, рассомларни ва ижодий зиёлиларнинг бошқа вакилларини таклиф этган ҳолда ижодий кечалар ташкил этиш.

Шунингдек, ёш оилалар ўртасида ажралишлар, ёшларни турли оқимларга кириб кетиши ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ўқувчиларнинг давомати масаласи, хорижга кетган ёшларни юртимизга қайтариш ва уларни иш билан таъминлашда жамоатчилик назоратини ўрнатиш каби масалалар ҳам “Нуроний” жамғармаси вазифалари сирасига киради.