Россия президенти Владимир Путиннинг маълум қилишича, рус томони КХДР ядро мақомини тан олмайди. Бу ҳақда Газета.ru хабар бермоқда.

«Корея Республикаси президенти жаноб Мун Чже Инга бизнинг принципиал позициямизни тасдиқладим: биз Шимолий Корея ядро мақомини тан олмаймиз. Пхеньяннинг ракета-ядро дастури БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюциясини қўпол тарзда бузмоқда, тарқатмаслик режимига зарар етказмоқда, Шимоли-Шарқий Осиёда хавфсизликка таҳдид уйғотмоқда», - деди у.

Шу билан бирга, Россия президенти ҳиссиётларга берилмаслик ва КХДР раҳбариятини «бир бурчакка сиқиб қўймаслик»ка чақирди. Унинг таъкидлашича, рўй берган вазиятга фақатгина санкциялар ёрдамида ечим топиш мумкин эмас.

Аввалроқ Япония мудофаа вазирлиги КХДР ядро заряди кучини 120 килотоннага баҳолаганди.