Россиянинг етакчи мусулмон хайрия жамғармаларидан бири “Закот” жамғармаси “Мьянмадаги таҳқирланганларга ёрдам беринг” деб номланган акция бошланганини эълон қилди. Ундан мақсад Мьянманинг азият чекаётган мусулмонларига гуманитар ёрдам кўрсатиш ва пул маблағлари йиғишдан иборат.

Акция 5 сентябрда бошланди ва 5 октябргача давом этади.

“Роҳингя халқи мусулмонлари, Аракан аҳолиси, бир неча йил ҳукумат томондан чидаб бўлмас тазйиқларга учраб келмоқда. Одамлар даҳшатли қийноқлар ва қотилликларга учрамоқдалар, улар оммавий равишда қирилмоқдалар – бу ҳақиқий геноцид. Биз Мьянмадаги ёвузликни бир ўзимиз тўхтата олмаймиз,. Бироқ бахтсиз кишиларга кўмак кўрсатишимиз ва ёрдам қўлини чўзишимиз мумкин. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар эвазига биз қочқинларни зарур дорилар, егулик, кийим билан таъминлаймиз”, дейилган жамғармада.

Жамғарма “Россия мусулмонларининг барча хайр-эҳсонлари Аракан аҳолисига етиб бориши учун барча ишни қилишга” ваъда берган.

“Мьянмадаги таҳқирланганларга ёрдам беринг!” акциясида иштирок этиш ҳар бир кишининг катта бир ишга қўшган улушидир ва Тангрининг марҳаматига эришиш учун имкониятдир”, деб қўшимча қилинган жамғармада.