Бурятия тергов қўмитаси 20 ёшли курашчи Юрий Власконинг ўлими юзасидан дастлабки тергов натижаларини эълон қилди. Маълум бўлишича, ўсмирлар ўртасида икки карра Европа чемпиони бўлган спортчи Байкал соҳилидаги тунги клублардан бирида қизга тегажоғлик қилган дўстининг ёнини олгани учун ўлдирилган. 

«Жиноятга Горячинскдаги тунги клублардан бирида ёш йигит билан юз берган зиддият сабаб бўлган. У бу ерга Власко ва бошқа спортчилар билан бирга келган. У клубдаги қизлардан бирига тегажоғлик қилган. Қизнинг дўсти эса, болани ташқарига олиб чиқиб, дўппослаган», — дейилади баёнотда.

Таъкидланишича, дастлаб Власко можарода иштирок этмаган. 

«Жабрланувчи бу вақтга келиб ухлаб ётган Власко ва бошқа курашчиларни ёрдамга чақирган. Спортчилар ҳам калтак еган йигит илтимосига биноан воқеа сабабини аниқлаш мақсадида йўл олишган. Улар Байкал соҳилида бир тўдага дуч келган. Улар орасида қизнинг йигити ҳам бўлган. 

Власко улар билан суҳбатлаша бошлаган, аммо шу орада икки йигит унга ҳужум қилган. Улардан бири курашчини пичоқлаган, иккинчиси металл қурол билан бошига урган. Кейин, биринчи ҳужум қилган жиноятчи сувдан тош олиб, у билан жабрланувчининг бошига урган. Бунинг оқибатида Власко ҳаётдан кўз юмган», — дейилади хабарда. 

Маълум қилинишича, жиноий иш юзасидан экспертиза ишлари ўтказилмоқда, унинг натижалари яқинда маълум қилинади. 

Власко 29 июлга ўтар кечаси содир бўлган муштлашувда ўлдирилгани ҳақида аввал хабар берилган эди. Унинг жасади Байкал кўли яқинида топилганди. 

У халқаро тоифадаги спорт устаси ҳисобланиб, ўсмирлар ўртасида икки карра Европа чемпиони бўлган, жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўраётган эди.