Қабул қилинган қарорга асосан, Фавқулодда вазиятлар давлат тизими учун мутахассислар тайёрлаш республикадаги 4 та вилоят муассасалари қатори Андижон қурилиш ва транспорт касб-ҳунар коллежига ҳам юклатилган.

Таълим даргоҳида қисқа вақт ичида 160 ўринли ўқувчилар турар жойи, ювиниш хоналари, 120 ўринга мўлжалланган ошхона, спорт зали, ушбу йўналиш бўйича жиҳозланган 3 та махсус ўқув хоналари тайёр ҳолатга келтирилди.

Куни кеча мазкур йўналиш бўйича ўқишга қабул қилинган 26 нафар ўқувчи, уларнинг ота-оналари ҳамда ўқитувчилари билан Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари К.Арипов, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Ф.Абдиқодировлар иштирокида касбга йўналтириш борасида учрашув ҳамда ушбу йўналиш учун ажратилган бинонинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. 

- Соҳа мутасаддилари билан учрашув жараёнида Президент қарорининг мазмун-моҳияти, фавқулодда вазиятлар давлат тизимидаги мутахассислик касбларга йўналтириш, фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш, аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ҳамда шу соҳадаги вазифаларни бажариш бўйича амалий кўникмалар ўқувчиларга сингдирилди, - дейди вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Фурқатбек Бузруков. 

Тадбир давомида 10 нафардан зиёд ўқувчининг мавзуга оид фикр-мулоҳазалари тингланди ҳамда саволларга жавоб берилди. 

KUN.UZ мухбири Элмурод Эрматов, Андижон.